“Спутник V” вакцинаси 85 % одамларда енгил қабул қилинмоқда”
“Спутник V” вакцинаси 85 % одамлар томонидан ҳеч қандай салбий таъсирсиз қабул қилинмоқда.
Бу ҳақда Гамалея номидаги эпидемиология ва микробиология маркази директори Александр Гинцбург “Россия 24” телеканали эфирида маълум қилди, демоқда “sputniknews-uz.com”.
“Вакцинация қилинаётган кишиларнинг тахминан 15%ида вакцинанинг қўшимча салбий таъсири сезилмоқда. Қолган 85% одамлар томонидан ҳеч қандай салбий таъсирсиз ва қўшимча ноқулайликларсиз қабул қилинмоқда”, – деди Гинцбург.
“Спутник V” вакцинасининг салбий таъсири сифатида тана ҳароратининг 38 даражага ошиши, бош оғриғи, мушаклар оғриши, инъексия қилинган жойининг қизариши кузатилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, “Спутник V” коронавирусга қарши дунёда биринчи яратилган вакцина бўлиб, у 11 август куни Россия соғлиқни сақлаш вазирлигида рўйхатдан ўтган эди. Вакцина одам аденовируси асосида яратилган бўлиб, икки босқичда инсон танасига киритилади. Вакцина яратувчилари уни коронавирусга қарши 100% самарали деб таърифлашмоқда. Вакцина болалар ва 65 ёшдан катталар, шунингдек, аллергияси бор, сурункали касаллиги бор кишиларга тавсия этилмайди.