Таваккул мақоми
“Таваккул” арабча “вакала” сўзидан олинган бўлиб, бир ишда бошқага суяниш тушунилади.
Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ: “Таваккул дунё ва охират ишларида фойдани жалб қилиш ва зарарни даф қилиш бўйича Аллоҳ азза ва жаллага сидқидилдан суяниш, ишларнинг барчасини Унга ҳавола қилишдир. Ундан ўзгаси бирор нарсани бера олмаслигига, ман қила олмаслигига, зарар ва фойда бера олмаслигига бўлган имонни рўёбга чиқаришдир”, деб таърифлаган.
Журжоний “Таърифот”да қуйидагича таърифлайди: “Таваккул – одамларнинг қўлидаги нарсадан умидни узиб, Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги нарсага ишонишдир”.
Ибн Ажиба эса: “Қалбнинг Аллоҳ таолога Ундан бошқага таянмайдиган даражада ишониши ёки Унга боғланиш ва ҳар бир нарсада суяниш ҳамда қўлингдаги нарсадан Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсани ишончли деб билиш таваккулдир”, деган.
Абу Саид Харроз: “Таваккул – Аллоҳ азза ва жаллага ишониш ва унга суяниш, ҳар бир нарсада У ила хотиржам бўлиш, қалбдан дунё ишлари ва ризқ ташвишини чиқариб, барча ишда Аллоҳ таолони вакил қилишдир”, деган.
Бизда тадбир, тайёргарликсиз иш бошлаганидан кейин: “Э, буёғи таваккал”, дейишга ўрганиб қолинган. Умуман олганда, кўп ҳолларда ишни хом қилганда – таваккал, мукаммал қилса, “меҳнатим билан” дейилади. Баъзи диндорлар: “Мен Аллоҳ таолога таваккал қилдим, У мени ташлаб қўймайди”, деб ҳаракат ва сабабларни тарк қилади. Аслида ундай эмас.
Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши: “Эй Аллоҳнинг расули, (уловимни) тушовлаб, таваккул қилайми ёки қўйвориб таваккул қилайми?”, деди. У зот: “Уни тушовлаб, кейин таваккул қил”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).
Шайх Абдулқодир Исо раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Шунинг учун уламолар сабабларни тарк қилиш ва ҳаракатдан тўхташ дангасалик, бефарқлик бўлиб, исломнинг руҳига зид ишдир, дейишган”.
Абулқосим Қушайрий: “Таваккулнинг ўрни қалбдир. Аллоҳ таоло тақдир қилган нарсани банда зоҳирда ҳаракат ила бажарса, қалбдаги тавваккулни кетказмайди”, деган.
Имом Ғаззолий айтади: “Жоҳил кишилар таваккулнинг шарти сабабларни, (касал бўлса) даволанишни тарк қилиш ва ҳалок қилувчи нарсаларга таслим бўлиш деб билишади. Бу хатодир. Чунки бу шариатда ҳаром ҳисобланади. Шариат таваккулни мақтаб унга тарғиб этади.
Таваккулнинг фазли ва фойдаси
Таваккул имон натижаси ва маърифат самарасидир. Аллоҳга таваккал қилган банда У зотдан бошқа “бажарувчи”ни кўрмайди.
Аллоҳ таоло таваккулни имон билан боғлаган: “Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга таваккул қилингиз” (Моида сураси, 23-оят).
“Мўминлар фақат Аллоҳгагина таваккул қилсинлар” (Иброҳим сураси, 11-оят).
Ким Аллоҳга сидқи ҳол билан ҳақиқий таваккул қилса, муҳаббат билан икром қилинади. Ғам ва ташвишига Ўзи кифоя қилиб, қалбини хотиржамлик ва ишончга тўлдиради, зоҳирини иффат ва карамлилик билан зийнатлайди (Абдулқодир Исо, “Ҳақоиқу анит тасаввуф”).
“Албатта, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севади” (Оли Имрон сураси, 159-оят).
Таваккул, айниқса, қийинчилик пайтида қалбга сакинат, хотиржамлик беради.
“Ким Аллоҳга таваккал қилса, бас, унга У зотнинг Ўзи кифоядир” (Талоқ сураси, 3-оят).
Пайғамбар алайҳиссалом ҳақиқий таваккулни чиройли таърифлаганлар.
Ҳазрат Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилганингизда, оч кетиб, тўқ қайтадиган қушдек ризқланган бўлар эдингиз”, дедилар» (Имом Термизий, Имом Аҳмад ва Ҳоким ривояти).
Қуш Аллоҳга таваккал қиляпти. Лекин тонгда инидан чиқиб ризқ қидиради. Кун бўйи меҳнат қилиб, озми-кўпми топади. Баъзилари эртага деб кўмиб ҳам қўяди. Ўрни келса, уришади, талашиб-тортишади. Хавфни кўрса, қочади. Жароҳатланиш эҳтимоли ҳам бор. Қушнинг таваккулида мана шу жараёнларнинг барчаси бор. Ҳолимизга назар солсак, шу қуш биздан кўра тўғри таваккул қилар экан. Бизнинг ҳам таваккулимиз қушникидай бўлса, ҳақиқий таваккул бўлади.
Ҳақиқий тавба қилган киши Аллоҳ таолонинг қазосига рози, ҳукмига нафсини таслим қилади. Бишр Хофий айтади: «“Кимки мен Аллоҳга таваккал қилдим”, деса, у ёлғон айтибди. Агар таваккал қилган бўлса, Аллоҳ унга нимани лойиқ кўрган бўлса, ўшанга рози бўлсин».
Имом Ғаззолий ва Ибн Ажийба каби уламолар таваккул мақомини бошқа мақомлар каби даражаларга бўлишган:
паст даражаси – худди вакил қилувчининг вакил билан яқин бўлгани даражасида яқин бўлиш
ўрта даража. Онасидан ажрамайдиган бола каби Аллоҳ билан боғланиш
олий даража. Табиб қўлидаги бемор каби бўлиш.
Булар ўртасидаги фарқ шуки, биринчисида “айблайди”, деган фикр келиши мумкин. Икккинчисида айблов фикри йўқ, лекин бола ҳожат тушсагина онасига боғланади. Аммо учинчисида юқоридаги икки ҳолат бўлмайди. Чунки у нафсидан буткул узилган, ҳар вақт Аллоҳ таоло билан қандай муносабатда бўлаётганига қарайди (“Ҳақоиқу анит тасаввуф”, 314-315 бетлар).
Манбалар асосида Шукруллоҳ САФАРОВ тайёрлади
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 11-сонидан