Ҳиндистон мусулмон роҳинжаларни сиғдирмаяпти
Ҳиндистонда турли баҳоналар билан 160 дан зиёд қочқин роҳинжалар ушланган, улар Мьянмага депортация қилинади.
Ҳиндистондаги лагерлар ва харобаларда Мьянма ҳарбийларининг қатағонидан қочган 40 мингга яқин роҳинжа яшайди. Улардан 4 минг нафари аҳолисининг аксарини мусулмонлар ташкил этувчи Жамму ва Кашмир минтақасида қўним топган.
«Ал-Жазира» хабарига кўра, бу ерда маҳаллий ҳокимиятга барча роҳинжаларни аниқлаш ва уларни депортация қилишга кўрсатма берилган. Ана шу режа доирасида 160 дан зиёд роҳинжа Жамму ва Кашмирнинг Хиранаган шаҳридаги турмада ушлаб турилибди. Расмийлар қочқинларни “ноқонуний мигратлар” деб атаб, улар тез орада Мьянмага депортация қилинишини билдирган.
Маълумки, жорий йилнинг 1 февралида Мьянмада ҳарбийлар давлат тўнтариши ўтказиб, ҳокимиятни эгаллаб олди. Роҳинжалар айнан ҳарбийларнинг қирғинидан қочган.