Мақолалар

Хом гапга пишиқ жавоб. САВОБНИ СИЗ БЕРАСИЗМИ ЁКИ МЕН?..

Чоп этилди Aprel 12, 2021 Хом гапга пишиқ жавоб. САВОБНИ СИЗ БЕРАСИЗМИ ЁКИ МЕН?..da fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин.

Устозимиз Шайх ҳазратлари раҳимаҳуллоҳи алайҳи катта бир йиғинда ўтирсалар, маҳмадона ҳожи акалардан бири: «Ҳазрат!» деб гап бошлабди. «Мен бир саволни олтита домладан сўрадим, лекин жавоб тополмадим. Еттинчисидан сўраган эдим, жавоб берди. Яна бир масалани бешта домладан сўрадим, жавоб беролмадилар, олтинчисидан сўраган эдим, жавоб берди». «Энди шу десангиз бир масала бор. Тўртта домладан сўраганман ҳеч қандай жавоб йўқ. Насиб бўлиб мана сиз билан ўтирибмиз. Фурсатдан фойдаланиб шу саволни сиздан сўрасам нима дейсиз?» дебди.

Ҳазрат: «Энди бу маҳмадона ҳожи ҳаммани ўзини оғзига қаратиб, нима сўрамоқчи бўлаётган экан, деб ҳар хил хаёлга бордим. Бир оздан кейин қани майли, сўрангчи дедим» дедилар.

Ҳожи ака: “Ҳазрат! Мана китобларда ўқиганмиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида “Ким жамоат билан намоз ўқиса, йигирма беш ёки йигирма етти баробар савоб бўлади”, дейилган. Энди мен ҳайронман, ҳеч ақлим етмаяпти, шунча савобни Аллоҳ таоло бўлиб-бўлиб берадими ёки яхлит берадими?” дебди.

Шунда Ҳазрат у ҳожи акага бошқача бир қараш билан, виқор ва салобат билан туриб: «Ҳой, ҳожи ака! Ўша савобни сиз берасизми ё мен бераманми ёки Аллоҳ берадими?» дебдилар. Ҳожи ака Ҳазратнинг важоҳату салобатларидан чўчиб кетиб, шоша-пиша, «Йўқ, ҳазрат, ундоқ эмас. Албатта, Аллоҳ беради» дебди. Ҳазрат эса: «Шундоқ экан, сўраб нима қиласиз? Савобни берувчи Аллоҳнинг ўзи, хоҳлагандек қилиб беради. Сизга буни нима қизиғи бор» дебдилар. Шундан кейин ҳожи ака мажлисни охиригача чурқ этмасдан, жим ўтирибди.

Исҳоқжон БЕГМАТОВ домла хотираларидан