Аёллар

Юз аъзоларини тақинчоқлар билан пардозлаш

Чоп этилди May 11, 2021 Юз аъзоларини тақинчоқлар билан пардозлашda fikr bildirishni o'chirish

Зеб-зийнат ва чиройли кўринишга ўта қизиқувчан аёллар, юзларини бўёқлар билан пардозлабгина қолмай, унга ҳар хил тақинчоқлар билан ҳам оро беришга уринадилар.  Қуйида мана шу ҳақида сўз юритилади.

1 – Қулоқ тешиш ва зирак тақиш. Қулоқ ҳам юз аъзоси ҳисобланади. Фуқаҳоларимиз  аёлларнинг зирак тақиш учун қулоқларини тешиши ҳақида турли фикрларни баён қилганлар.

Биринчи қараш – Ҳанафий мазҳаби уламоларга тегишли бўлиб,  аёлларнинг тақинчоқ учун қулоқ тешиши жоиз деганлар.[1] Ҳанбалий ва Моликий мазҳаб уламоларининг баъзи фикрлари ҳам бунга иттифоқ қилган.[2]

Иккинчи қаараш – Шофеий мазҳаби уламолари қулоқни  тешиш жоиз эмас, деганлар.[3] Ҳанбалий уламолардан Ибн Жавзий буни тасдиқлаган. Моликий мазҳаби уламоларининг баъзи ривоятлари ҳам қувватлаган.[4]

Бурунга тақинчоқ тақиш

Баъзи аёллар чиройли бўлиш ва зийнатланиш мақсадида бурунларига булоқи ва ҳалда тақиш ҳақида ҳам ўйлаб юрадилар. Уламолар бурунга тилло ва кумуш  тақинчоқлар тақиш ҳақида икки хил фикрни билдирганлар.

Биринчи жамоа ҳанбалий мазҳаби уламолари бўлиб, бурунга тилла ва кумуш тақишни жоиз ҳисоблаганлар.

Иккинчи жамоа ҳанафий ва моликий мазҳаби уламолари бўлиб,  тақинчоқ учун бурунни тешишни макруҳ ҳисоблаганлар.

Аммо бурунни тешишда кофираларга тақлид қилиш ёки уларнинг расм-русмларини бажариш каби ҳолатлар бўлса, бундай ҳолларда “садди зарийъа” қоидасига кўра бу иш ман қилинади.[5]

Тилладан тиш ва бурун ясатиб олиш

Уламоларнинг иттифоқига кўра, буруннинг кесилиб кетиши, тишларнинг ўрнидан қимирлаб қолиши рўй берганда, уни кумуш билан мустаҳкамлаб олиш мумкин.[6]

Улар бу аъзоларни мустаҳкамлашда тилладан фойдаланиш борасида турли фикрларни билдирганлар.

Моликий, шофеий ва ҳанбалий мазҳаби уламолари ҳамда Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммадлардан иборат жумҳур уламолари кесилган бурун ва қимирлаб қолган тишларнинг тушиб қолишидан қўрқилганда, уни тилла билан мустаҳкамлаб олишни жоиз деганлар.[7]

Абу Ҳанифа ва Абу Юсуфнинг бошқа бир фикрига кўра, (эркакларнинг) тиш ва бурунни тилла билан мустаҳкамлаш жоиз эмас.[8]

Жумҳур уламоларининг далиллари:

1 – Абдураҳмон ибн Торофа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: унинг бобоси Арфажа ибн Алайҳиссаломъаднинг бурни “Килоб” воқеасида кесилиб кетди. У кумуш тангадан ўзига бурун ясатиб олган эди, у айниди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган эдилар, тилладан бурун ясатиб олди. Бир ривоятда  “тилладан бурун ясатиб олишни буюрдилар” дейилади.[9]

Бу ҳадис кесилиб кетган бурун агар кумушдан ясаб олинганда айниса,  тилладан қилиб олиши мумкинлигини билдиради. Тилла тиш ясатиш ҳам шунга қиёс қилиб, жоиз ҳисобланган.

2 – Аҳли илмлардан бир қанчаларининг тилла тишлари бўлгани маълум.  Улар ушбу ҳадисни ўзларига ҳужжат қилганлар. Ҳасан, Зуҳрий ва Нахаъийлар бунга рухсат беришган ва тилладан бошқа кумуш ва шунга ўхшаш маъданлар тиллага қиёс қилиади, дейдилар.[10]

Ҳанафийларнинг далиллари:

Ҳанафий мазҳаби уламолари ҳам ўзларига жумҳурнинг  далилини олганлар. Ундаги асл ҳолат ҳаромликдир. Зарурат тақозосига кўра  мубоҳ бўлиш ўринлари ҳам мавжуд. Агар иш кумуш билан битса, тилланинг  ҳаромлиги сақланиб қолади. Бурун борасидаги фатвонинг зарурати, унинг кумуш ёки бошқа металлдан ясалганда айниб қолиши туфайли бўлиб, унинг ўрнига тилла ишлатишга рухсат берилган.[11]

Юқорида баён этилган фуқаҳоларнинг фикрларидан келиб чиқиб, қимирлаб қолган тиш агар тушиб кетишидан хавф қилинса, унинг ўрнига бошқа бир металл бўлмаслиги шарти билан тилладан ясатиш жоиз дейилади. Агар унинг ўрнини босувчи топилса, тилладан фойдаланиш мумкин эмас. Бу Ҳанафий уламоларнинг қарашига яқин. Буни доктор Шубайр “Замонавий тиббий масалалар” китобида келтирган.

Зебуннисо Қутбиддин қизи


[1] Ibn Obidin “Hoshiya” “Roddul muxtor” 6/420, “Fatavoyi hindiyya” 5/357

[2] Buhutiy “Kashshoful qino” 1/89, Mardavay “Insof” 1/126

[3] Shiriniy “Mug’nil muhtoj” 1/394, Ibn Hajar “Fathul boriy bisharhi sahihil Buxoriy” 10/344

[4]

[5] Xolid MansurMansur “Ayollarga oid tibbiy hukmlar” 196 bet

[6] Ibn Javziy “Ayollarga doir hukmlar” 86 bet

[7] O’sha manba

[8] Ibn Humom “Takmila” 10/23, Ibn Nujaym “Bahrur roiq” 8/212

[9]  “Sunani Abu Dovud” Uzuk haqida bob. 4232 hadis. “Sunani Termiziy” Lios kitobi. Termiziy bu hadisni “hasan g’arib” degan

[10] Ibn Qudoma “Al-Mug’niy” 3/15

[11] Takmilatul Humam “Sharhu Fathul qodir” 10/568