Босниялик мусулмонларнинг қотилларига жазо тайинланди
Югославияда уруш тугаганидан 25 йил ўтиб, Давлат хавфсизлик бошқармасининг собиқ икки ходими – Йовица Стинишич ва Франко Симатович устидан халқаро суд ҳукм чиқарди.
Нидерландиянинг Гаага шаҳрида жойлашган Халқаро жиноят трибуналлари бўйича механизм (БМТ суди) кеча, 30 июнь куни Стинишич ва Симатовични ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятларда айбдор деб топди. Уларнинг ҳар бири 12 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Стинишич ва Симатович хорватлар ва босниялик мусулмонларни таъқиб қилиш, ўлдириш, депортация қилиш, кўчишга мажбурлашда айбдор деб топилди. Улар Хорватияда (1991-1995 йиллар) ва Боснияда рўй берган урушлар чоғида (1992-1995 йиллар) “этник жиҳатдан тоза Буюк Сербия”ни барпо этишга ҳаракат қилгани аниқланди.
70 ёшли Стинишич ва 71 ёшли Симатович 2009-2013 йилларда ҳам судланган ва далил етарли эмаслиги туфайли айбсиз деб топилган эди. Прокуратуранинг апелляциясидан кейин ишни қайта кўриб чиқиш бошланган.
Йовица Стинишич 1990-йилларда Югославия Ички ишлар вазирлиги Давлат хавфсизлик бошқармасига раҳбарлик қилган. Франко Симатович ҳам шу бошқармада ишлаган.