Қочган туялар…
Ривоят қилинади: «Хаввот ибн Жубайр Ансорий Макка йўли устида Каъб жамоасидан бўлган аёлларга қўшилиб ўтирган эди. Дафъатан шу йўлдан Пайғамбар алайҳиссалом ўтиб қолдилар ва:
– Эй Абу Абдуллоҳ, аёллар ичида нима қилаяпсан? – дедилар.
– Ҳа, бу аёллар қочган туямни тутишим учун менга жундан арқон эшиб беришяпти, – деди Хаввот.
Расули акрам ҳожатлари битиб, яна шу йўлдан қайтар экан, Хаввотга дедилар:
-Эй Абу Абдуллоҳ, қочган туяларинг ҳануз сени тинч қўймаяптими?
Жим бўлдим, қаттиқ уялдим. Ўшандан бери қачон Расули акрамни кўрсам, уялганимдан қочадиган бўлдим. Мадинага келгач, бир куни Расулуллоҳ менинг масжидда намоз ўқиб турганимни кўриб қолдилар. Ёнимга келиб ўтирдилар. Мен (атайин) намозни чўздим. Кейин: «Намозни чўзма, мен сени кутяпман» дедилар. Салом бергач: «Эй Абу Абдуллоҳ, ўша қочган туяларинг ҳануз сени тинч қўймаяптими?» дедилар. Уялганимдан жим эдим. То бу аҳвол бир куни Пайғамбар алайҳиссалом эшагида менга етиб олиб, яна: «Эй Абу Абдуллоҳ ўша қочган туяларинг ҳануз сени тинч қўймаяптими?» деганларига қадар давом этди. Шунда мен: «Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, мусулмон бўлганимдан бери улар қочмади», дедим. «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар! Эй Аллоҳим, Ўзинг Абу Абдуллоҳни ҳидоят қил!» – дедилар». Пайғамбар алайҳиссаломнинг шу дуолари билан Абу Абдуллоҳнинг исломи гўзал бўлди, Аллоҳ уни ҳидоятга бошлади.
Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Тил офатлари” китобидан