Босниялик мусулмонлар Европа Иттифоқи учун муаммоми?..
Венгрия бош вазири, миллатчи қарашлари билан танилган Виктор Орбан Европа Иттифоқида мусулмонларнинг мавжудлигини “хавфсизлик муаммоси” деб атади. Бу ҳақда TRT WORLD хабар бермоқда.
Орбан муҳожирлар, қочқинлар ва миллий озчиликлар ҳақида бир неча бор салбий фикрлар билдирган. Бу сафар у босниялик мусулмонларни нишонга олди.
“Босния (ва унинг Европа Иттифоқига қўшилиши)нинг муаммоси 2 миллион мусулмони бор мамлакат қандай интеграция қилиниши билан боғлиқ”, – деди Венгрия бош вазири Европа Иттифоқининг кенгайиши ҳақидаги саволга жавобан.
Орбанга кўра, Хорватия каби давлатлар осонлик билан Европа Иттифоқига қабул қилиниши мумкин, аммо Босния ва Герцеговина билан қийинчиликлар юзага келади. У Европа Иттифоқи етакчиларини 2 миллионга эга давлатнинг хавфсизлиги улар учун ҳам асосий масала эканлигига ишонтиришга ваъда берди.
Босния ва Герцеговинанинг етакчи сиёсатчиларидан Шефик Жаферович Орбаннинг баёнотини кескин қоралаб, уни “уятли ва шармандали” деб атади.