Нур-Султонда Низомий Ганжавий, Алишер Навоий ва Юнус Эмро китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди
Жаҳон матбуоти саҳифаларида
КАЗИНФОРМ ахборот агентлиги – Нур-Султонда Халқаро Турк академияси томонидан нашр этилган Низомий Ганжавий, Алишер Навоий ва Юнус Эмро китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Халқаро Турк академияси машҳур саналарга бағишлаб “Шарқ юлдузлари” анжуманини ўтказди.
Унда қайд этилганидек, 2021 йил турк оламининг кўплаб мамлакатлари учун муҳим сана бўлди. Жорий йилда Низомий Ганжавий таваллудининг 880-йиллиги, Алишер Навоий таваллудининг 580-йиллиги, Юнус Эмро вафотининг 700-йиллиги нишонланди. Академия ташаббуси билан ушбу алломаларнинг кўплаб асарлари бир неча тилларда нашр этилди. Юнус Эмронинг шеърлари китоби илк маротаба қозоқ тилида чоп этилди. Шунингдек, жорий йилда қадимги турк тилига таржима қилинган минг йиллик Қуръон китоби ҳам қайтадан нашр этилди.
Халқаро Турк академияси кўмагида таниқли турк шоири Юнус Эмронинг асарлари илк маротаба алоҳида тўплам сифатида нашр этилди. Академия Алишер Навоийнинг озарбайжон тилига таржима қилинган шеърлари тўпламини ҳам тайёрлади. Китобни таниқли озарбайжон олими, профессор Рамиз Аскеров таржима қилди. Шу билан бирга, Алишер Навоийнинг “Муҳокамат-ул-луғатайн” асари ҳам илк маротаба қозоқ тилига таржима қилинди ва нашр этилди.
х х х
АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигига 30 та аппарат тақдим этди.
АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги Ўзбекистон халқига сил касаллигини аниқлашга мўлжалланган аппаратлар тўпламини ҳадя қилди. Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт марказида Агентликнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит 381 минг АҚШ долларига тенг ускуналарни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Улуғбек Собировга топширди.
АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги томонидан тақдим этилган сил касаллигини молекуляр-генетик даражада аниқлашга асосланган ва юқори тезликда ишлайдиган ва ишлатишда қулайлиги билан ажралиб турадиган ушбу инновацион технология энди Ўзбекистонда ҳам мавжуд.
Муқобили бўлмаган ушбу аппаратлар бирламчи тиббий-санитария ёрдами тармоғидаги ишларни анча осонлаштириб, мутахассисларга сил касаллигини тезкор ва аниқ ташхислашга ёрдам беради.
Микаэла Мередит маросида сўзга чиқиб, “Биз Ўзбекистон раҳбариятининг 2050 йилгача сил касаллигига барҳам бериш бўйича саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаймиз, “2021-2026 йилларга мўлжалланган ва 2025 йилда касалликни 50 фоизга, ўлим ҳолатларини 75 фоизга камайтиришга қаратилган Сил касаллигига қарши курашиш бўйича Миллий стратегияси” бундан далолатдир”, – деди. Тақдим этилган ускуналар туман бактериология лабораторияларига сил касаллигини ўз вақтида диагностика қилиш хизматларини кенгайтириш ва Ўзбекистон аҳолисининг замонавий тезкор тестлардан фойдаланиш имкониятларини яхшилашга ёрдам беради.
х х х
“Сув ресурслари экспертлари дастури”нинг иккинчи сессияси
АҚШ Ички ишлар вазирлиги Американинг Тошкентдаги элчихонаси билан ҳамкорликда сув ресурсларини бошқариш масалаларига бағишланган иккинчи сессияни ўтказди. Унда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институти, Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти, Сув ресурслари вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўзбекистон Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги вакиллари иштирок этди.
Сессия АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Табиий ресурсларни муҳофаза қилиш хизмати хизмати вакили Брент Дрейпернинг “Камчил суғориш” мавзусидаги тақдимоти билан бошланди. Муҳандис Дрейпер оддий сув солинган стаканлар ёрдамида Ўзбекистонда серсув ва сув тақчил бўлган мавсумларда сув ресурсларидан қандай фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш ва сув тақчил мавсумларда сувни тежаш мақсадида қандай қилиб алмашлаб экиш, ўта қуруқ шароитда экинларни қандай сақлаш усулларини кўрсатиб берди.
Учрашувда шуниндек, каналлар ётқизиш билан сув ресураларини бошқариш, сув ташилишини яхшилаш, гидроэнергетика билан алоқалар ҳамда муайян маҳаллий ва ҳудудий эҳтиёжлар учун ирригация тармоқларини модернизация қилишнинг аҳамияти ҳақида маълумотлар берилди. Айни дамда модернизация қилиш лойиҳаларида давлат-хусуси шерикчилигининг ўрни чуқур таҳлил қилиниб, бу борада АҚШ да амалиётда қўлланган аниқ лойиҳаларга мисоллар келтирилди.
х х х
Бизнинг “Жаҳон матбуоти саҳифаларида” номли янги рукнимизга оид тилакларингиз, таклиф ва фикр-мулоҳазаларингизни pochta@uza.uz манзилига юборишингизни сўраймиз.
И.Абдумаликзода тайёрлади, ЎзА