Эмманюэль Макрон танқидга учради, Францияда юз мингдан ортиқ одам намойишга чиқди
Франция фуқаролари шаҳар кўчалари бўйлаб намойишга чиқди.
Euronews нашрининг хабар беришича, 105 мингга яқин фуқаро ҳукуматнинг вакцина чиптасини жорий этишга қаратилган режаларига норози эканини билдирган.
Президент Эмманюэль Макрон 4 январь куни “Le Parisien” газетасига берган интервьюсида коронавирусга қарши вакцина олмаган фуқароларга қатъий чекловлар ўрнатилишини маълум қилган эди. Ўша куни мамлакатда 271 мингдан ортиқ кишида коронавирус аниқланган. Аммо Макрон француз тилида “эмланмаганларни олинг” иборасини ишлатгани учун сиёсий рақиблари томонидан қаттиқ танқид қилинди.
– Мен ишлатган ибора айрим фуқароларни ранжитди, чоғи…, лекин нотўғри сўзладим, деб ўйламайман. Бунинг учун масъулиятни ўз зиммамга оламан. Баъзилар тўғри келмаётган эркинликларни байроқ қилиб кўрсатадиган бўлса, мамлакатда бўлиниш бошланади. Бу нафақат ҳаётимизни хавф остига қўяди, балки эркинликларимизни ҳам чеклайди. Буни қабул қила олмайман, – деди президент Париж Пантеонида Франциянинг ЕИга раислигига бағишланган қўшма матбуот анжуманида.
Маълум бўлишича, шу ҳафта қонун лойиҳаси қийинчилик билан қабул қилинди, энди у Сенатда кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Ҳуллас, намойишчилар ҳукуматнинг одамларни икки табақага бўлаётган сиёсатидан норози. Масалан, намойишчилардан бири танқид тариқасида ўз фикрини билдирган. У “вакцина олмаган дўстларимни қўллаб-қувватлаш учун келдим, улар билан охиригача бирга бораман. Ўйлашимча, эмланганми ёки йўқми, ҳамма тенг ҳуқуқли бўлиши керак”, деган.
Шунингдек, “Патриотлар” партияси етакчиси Флориан Филиппо французлар энди уйғониб, намойишга чиқаётгани ва мамлакатда ҳеч бир фуқаро ҳақорат эшитишни истамаслигини таъкидлаган.
Бундан ташқари, Венада ҳам намойиш бўлиб ўтди ва унда 40 мингга яқин киши қатнашган. Айтишларича, улар Австрияда февраль ойида мажбурий эмлаш чоралари жорий этилганига қаршилик билдирмоқда.