Испания ва Португалияда қурғоқчилик
Португалияда ёғингарчилик камайиб бораётгани туфайли мамлакатда сўнгги 20 йил ичида энг кучли қурғоқчилик кузатилди. Расмийлар бу борада шошилинч чоралар кўрмоқда, дея хабар берди “Euronews”.
Мамлакат марказидаги сув омборлари қуриб, фермерлар ва маҳаллий аҳоли анча хавотирга тушиб қолгани айтилмоқда. – Зезере дарёси соҳиллари чекинди, – дея келтирилади манбада.
Мамлакатда электр энергиясининг 30 фоизига яқини ГЭСларда ишлаб чиқарилади, ҳозирда бешта станция ишламаяпти. Бундан олдин ҳудуд 2017 йилда содир бўлган ўрмон ёнғинидан ҳам жиддий зарар кўрган эди.
Испанияда ҳам шу аҳвол, аҳолининг катта қисми қурғоқчиликдан азият чекмоқда. Аниқланишича, мамлакатда январь ойида одатдаги ёғингарчиликдан тўрт баравар паст кўрсаткич қайд этилган.
Галисия провинциясида ўтган асрда сув омбори остига ғарқ бўлган қишлоқ кўрина бошлаган. Олимларнинг фикрича, қурғоқчилик – иқлим ўзгариши оқибати эмиш. Метеорологлар яқин кунларда вазият яхшиланмаслигидан огоҳлантирган.
Шу сабабли Португалия ва Испания ҳукуматлари инқирозга қарши курашда кучларни бирлаштиришга қарор қилди.