Сирдарёда “Янги ҳаёт” масжиди барпо этилмоқда
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров Сирдарё вилояти Сирдарё туманидаги “Янги ҳаёт” масжиди қурилиши жараёнлари билан яқиндан танишди. Мутасаддилар янги жомеъ масжиди лойиҳаси тақдимоти билан яқиндан танишиб, уста-муҳандисларга, намозхонларга яратиладиган шароитларни кўздан кечирди.
Мазкур масжиднинг эски бинолари 1956 йилда қурилган. Улар катта йўлдан пастликда жойлашгани ва пахса, хом ғиштдан қурилгани учун фойдаланишга яроқсиз ҳолга келиб қолган эди. Қолаверса, кейинги пайтда намозхонлар сони ортиб, жамоат намозига хонақоҳ торлик қилиб қолаётган эди. Шу боис кўплаб мўмин-мусулмонлар таклифи инобатга олиниб, масжиднинг янги биноси қурилиши бошланди.
Лойиҳага кўра, 45 метрли миноралар ва баландлиги 20 метр, айланаси 10 метр бўлган гумбаз масжидга ўзгача файз ва виқор бахш этади. Мажмуада маъмурият хоналари, замонавий кутубхона, мажлислар зали ва бошқа қўшимча бинолар ҳам ўрин олган. Юз кишига мўлжалланган таҳоратхонасида барча шароит яратилади.
Жорий йилда бошланган масжид қурилиши 2025 йилда якунланиб, фойдаланишга топширилади.