Кокилдор ота хонақоҳи
Кокилдор ота хонақоҳи – Термиз туманидаги меъморий ёдгорликлардан. Ушбу тарихий қадамжо халқ орасида “Алоулмулк Худовандзода (Термиз ҳукмдори) кўшки”, “Азизон”, “Азлар эшон”, “Кокилдор (кокил қирқиш удуми)” номлари билан машҳур.
Масжид, мадрасалардаги катта хона, зиёратчилар учун қурилган жамоатхоналар, ҳужралар “хонақоҳ”, деб аталган. Кейинчалик сўфийлар машғулотларини ўтказиш учун мўлжалланган катта хона ва унинг атрофига қурилган ҳужралар ҳам хонақоҳ номи билан юритилган. Амир Темур даврида Султон Саодат мақбараси ёнида хонақоҳ қурилганлиги ҳақида маълумот ёзма манбаларда сақланиб қолган. Тадқиқотчиларнинг фикрича, Кокилдор ота хонақоҳи XVI асрда Шайбонийлардан Абдуллахон II даврида бунёд этилган.
Термиз шаҳрининг 2500 йиллиги муносабати билан хонақоҳ атрофи ободонлаштирилиб, таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Ҳозирда бу ерда зиёратчилар учун барча шароит яратилган.