Абу Талҳа қандай мусулмон бўлди?
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўн йил хизмат қилган Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳикоя қилади:
Ўгай отам Абу Талҳа мусулмон бўлишидан олдин онам Умму Сулаймга уйланишни истаган эди. Онам унинг бу таклифига бундай жавоб қилганди:
– Эй Абу Талҳа, сизга турмушга чиқишни мен ҳам орзу қиламан. Илло, сизнинг каби инсоннинг турмуш қуриш ҳақидаги таклифингни рад этиб бўлмайди. Бироқ сиз кофирсиз, мен эса муслимаман. Сизлар Тангри дея ибодат қиладиган нарсанинг ердан битган бир дарахт танаси эканини ва уни дурадгор бўлган бир занжи қулнинг ясаганини билмайсизми? – деди.
Абу Талҳа:
– Биламан, – деди.
Онам сўзида давом этди:
– Ундай бўлса, ҳеч нарсага ярамайдиган бир нарсага сиғинишга уялмайсизми? Келинг, Калимаи Шаҳодат келтириб мусулмон бўлинг! Мен ҳам сизга турмушга чиқишга рози бўлайин. Сизнинг мусулмон бўлишингиз менинг маҳрим бўлсин. Сиздан бундан бошқа бирор нарса истамайман.
Абу Талҳа:
– Таклифингни ўйлаб кўришим учун менга бироз муҳлат бер, – деди.
Онам у истаган муҳлатни берди. Бир куни Абу Талҳа Калимаи Шаҳодат келтириб мусулмон бўлди ва онам унга турмушга чиқишга розилик берди[1].
Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан
Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ
[1] Насоий, Никоҳ, 63; Абдурразоқ, ал-Мусаннаф (Аъзамий), VI, 179; Ибн Саъд, ат-Табақот ул-кубро, VIII, 427; Табароний, ал-Муъжам ул-кабир (Салафий), V, 90, XXV, 105; Албоний, Саҳиҳи Маворидиз-замон, Риёд, 1422/2002, I, 326-327, 506