Зайд ибн Саъна
Мажлисда Зайд ибн Саъна бир гуруҳ яҳудий роҳиблари билан Ибн Ҳаййабоннинг сўзларини диққат билан тингларди. Ибн Ҳаййабон Шомдан келиб, Ясрибни макон тутганди. Зайд ибн Саъна яҳудий олими гапларининг ростлиги, имонининг қуввати, Тавротни кўп ўқиб, кўп билишига эътиборини қаратди. Фақат бир нарса…
Фақат бир нарса Зайд ибн Саънага тинчлик бермасди. Нима учун роҳиб серсоя, зилол сувларга бой, жаннатмонанд юртини ташлаб Ясрибга келди экан?..
Умрининг қолган қисмини аҳли, ватани, қариндошлари ва уйидан олисда ўтказишга уни нима мажбурлади?..
Ибн Ҳаййабон гапини тугатмасиданоқ, Зайд ибн Саъна сўз бошлади: “Муҳтарам руҳоний, айтинг-чи, нима сабабдан диёрингизни ташлаб бу ерга келдингиз? Китобларда ушбу диёрнинг мўътадил ҳавоси, гўзал табиати, зилол сувлари, баракотли иқлими кўп зикр этилган. Юртингизда динингиз амалларини бажаришингизга сизга нима тўсқинлик қилади?!”
Руҳоний бундай жавоб берди: “Аллоҳга қасам, албатта, Шом диёри сен айтганингдан ҳам аъло. Суви тотли, ҳавоси мўътадил, иқлими баракотли. Биз у ерда омонда ва хотиржаммиз. Мен чиқиши тобора яқинлашаётган Набийни кузатиш учун келдим. Ушбу гўзал диёрингиз унинг ҳижрати ва даъватининг бошланиш еридир”.
Зайд ибн Саъна: “Бу билан сиз китобларимизда хабари келган, фарзандларимизга башоратини берадиганимиз Набийни назарда тутмоқдамисиз?” деганида, роҳиб: “Айнан уни назарда тутмоқдаман”, деди.
* * *
Кутилаётган Набийнинг нубувват аломатлари, сифатлари ҳақидаги гап-сўзлар қавм орасида авж олди. Яҳудийлар барчани ушбу Пайғамбарга имон келтиришга чақирардилар. Унга эргашиш, ёрдам бериш билан кишилар яхшиликка эришиши, аксинча, бош тортиш, кўмаксиз қолдириш билан ёмонликка учрашни таъкидлардилар.
* * *
Ибн Ҳаййабон кўп яшамади. Кутилаётган Набийни кўриш, даъватига эргашиш, нубувватига имон келтириш, нусрат қозонишини кўриш унга насиб этмади.
* * *
Ибн Ҳаййабоннинг ўлимидан сўнг Ясрибда Маккада Пайғамбар зоҳир бўлгани, унга эргашувчилар сони кундан-кунга ортаётгани ҳақидаги хабарлар тарқала бошлади.
* * *
Дастлаб муҳожирларнинг карвони, кейин Набий алайҳиссалом дўстлари Абу Бакр Сиддиқ билан Мадинага келдилар.
Кишилар ҳидоят ва раҳмат элчиси Набий алайҳиссалом, у зотнинг дўстлари истиқболига пешвоз чиқдилар.
Бу ҳолатдан яҳудийлар ғамга ботди. Қалблари нафратга тўлди. Лекин Зайд ибн Саъна улар жумласидан эмасди. Унинг вазифаси бошқача эди.
Келинг, сўзни Зайднинг ўзидан эшитайлик: «Муҳаммад ибн Абдуллоҳни узоқ ва синчковлик билан кузатдим. Ҳатто энг кичик аломатларгача эътибор бердим. Фақат иккита сифатини билиб ололмадим.
Биринчиси, ҳилмлари ғазабларидан устун.
Иккинчиси, қанчалик қаттиқ ғазабланмасинлар, шунчалик очиқ кўнгилликлари ва юмшоқликлари ортиб бораверади.
Шу икки сифатини излай бошладим ва уларни топдим.
Ҳодиса бундай бўлганди. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳужраларидан чиқдилар. Ёнларида Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳу ҳам бор эди. Шу вақт бир бадавий уловида Набий алайҳиссаломнинг олдиларига келиб тўхтади ва: “Ё Расулуллоҳ, қавмдошларимга Исломга кирсалар Аллоҳ таоло яхшиликларни мўл-кўл қилиши ва фаровон ризқ-рўз беришини айтгандим. Кўп ўтмасдан қаҳатчилик келди. Ё Расулуллоҳ, уларни ҳирс сабаб Исломдан қайтишларидан қўрқмоқдаман. Боиси Исломга манфаат учун киришганди. Қавмдошларимни оғир ҳолатдан чиқарадиган ва ёрдам бўладиган бирор нарса бера оласизми?” деди. Набий алайҳиссалом, “Қўлингдаги молдан бирор нарса борми?” деган назарда Алига қарадилар. Али розийаллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, бизга келганлардан бирор нарса менда қолмади”, деди.
Зайд ибн Саъна айтади: “Бу фурсатни қўлдан чиқаргим келмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига яқинлашдим ва: “Эй Муҳаммад, фалон муддатга, шунча-шунча мол эвазига менга хурмо сотмайсизми?” дедим. У зот алайҳиссалом: “Хўп”, дедилар. Кармонимдан 80 мисқол (1 мисқол – 4,68 gr.) тилла чиқардим ва уларни Набий алайҳиссаломга топширдим. У зот алайҳиссалом тиллаларни ҳалиги бадавийга бературиб: “Қавмдошларингни шу маблағ эвазига қутқариб ол ва улар орасида адолат қил”, дедилар.
* * *
Зайд ибн Саъна сўзида давом этади: «Белгиланган муддатга бир ёки икки кун қолганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Абу Бакр, Умар ва бир неча саҳобалар билан бирга кўрдим. Улар мусулмонлардан бирининг жаноза намозига чиқишган экан.
Намозни тугатишгач, Набий алайҳиссалом ўша ердаги деворга суяниб ўтирдилар. Олдиларига бориб ридоларидан тортдим ва қўполлик билан: “Эй Муҳаммад, ҳақимни бермайсизми? Аллоҳга қасам, Бани Абдулмутталибнинг ҳақларни адо қилишда сансалор қилишларини билгандим. Албатта, сизларнинг ёмон табиатли кишилар эканингизни ҳаммадан ҳам яхши биламан”, дедим. Кейин атрофларидаги саҳобаларга бирма-бир назар ташладим. Қарасам, Умар ибн Хаттоб ҳар томонга аланглаяпти. Кейин менга ўткир назар ташлаб: “Ҳақиқатан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мен эшитган гапларни айтяпсанми? У зот билан мен кўрган муомалани қиляпсанми? Жоним измида бўлган Зотга қасам, агар сенга имонга кириш фурсати берилишидан қўрқмаганимда, шу қиличим билан бошингни олардим”, деди.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом эса, сокинлик ва хотиржамлик билан менга қарадилар. Кейин Умар ибн Хаттобга: “Эй Умар, у билан мен сендан бошқа бир муомалага муҳтож эдик. Бунинг ўрнига менга унинг ҳақини гўзал адо этишим, унга эса ҳақини яхши муомала билан сўрашини буюришинг керак эди. Эй Умар, у билан бирга бор ва ҳақини бериб юбор. Яна уни қўрқитганинг учун 20 соъ хурмо қўшиб бер”, дедилар.
Умар хотиржам бўлди. Кейин мен билан кетди. Ҳақимни ва 20 соъ хурмо ортиқча берди. Мен: “Эй Умар, ортиқча хурмо керак эмас”, дедим. Умар розийаллоҳу анҳу: “Пўписа қилганим учун Расулуллоҳ алайҳиссалом уни сенга беришимни буюрдилар. Олавер”, деди. “Эй Умар, мени танийсанми?” деб сўрадим. У: “Йўқ”, деб жавоб берди. “Зайд ибн Саъна бўламан”, дедим. Умар розийаллоҳу анҳу: “Роҳибми?!” деб сўради. “Ҳа”, дедим. Умар розийаллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бундай муомала қилишингга ва бундай гаплашишингга сени нима ундади?” деб сўради. Мен: “Эй Умар, Набий алайҳиссаломнинг барча нубувват аломатларини юзларидан билиб олдим. Фақат иккитасини тополмадим. Бири, ҳилмлари ғазабларидан устунлиги, иккинчиси, қанчалик қаттиқ ғазабланмасинлар, шунчалик очиқ кўнгилликлари ва мулойимликлари ортиб бораверади. Иккисини энди топдим. Эй Умар, гувоҳлик бераман, Аллоҳни Раб, Исломни дин, Муҳаммад алайҳисссаломни Набий деб рози бўлдим. Молимнинг ярми Муҳаммад алайҳиссалом уммати учундир”, деди. Умар розийаллоҳу анҳу: “Балки баъзиларига дегин, уларнинг барчасига етказолмайсан”, деди. Мен: “Ҳа, баъзиларига”, дедим.
* * *
Умар ибн Хаттоб ва Зайд ибн Саъна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига қайтишди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Нима учун қайтиб келдингиз?” деб сўрадилар. Зайд: “Аллоҳдан Ўзга илоҳ йўқ, У Ягона, шериги йўқ экани ва сиз Аллоҳнинг набийси ва расули эканингизга гувоҳлик бериш учун келдим, деди.
Абдураҳмон Раъфат Пошонинг
“Саҳобалар ҳаётидан лавҳалар” асаридан
Юлдуз КОМИЛОВА таржимаси
“Ҳидоят” журнали