Бир неча миллиардер Россия фуқаролигидан воз кечди
Миллиардер Юрий Мильнер ўзи ва унинг оиласи 2022 йил ёзида Россия фуқаролигидан воз кечганини твиттерда ёзди. Тадбиркорнинг вакили бу маълумотни Форбс журналига тасдиқлаган.
«Оилам ва мен 2014 йилда, Қрим Россияга қўшиб олинганидан кейин Россияни бутунлай тарк этган эдик. Ва бу ёзда биз Россия фуқаролигидан чиқиш жараёнини расман якунладик», деган Мильнер.
Юрий Мильнер 1999 йилда Исроил фуқаролигини олган ва бир неча йил мамлакатда яшаган, шундан сўнг у АҚШга кўчиб ўтган.
Форбс 2022 йилда Милнернинг бойлигини 7,3 миллиард долларга баҳолаган. Тадбиркор журнал томонидан тузилган энг бой россияликлар рўйхатида 15-ўринни эгаллади.
Жорий йилнинг бошида Юрий Мильнер Павел Дуров каби бошқа россияликлар билан бирга Форбсдан уларни россиялик тадбиркорлар деб ҳисобламасликни сўраган эди.
Сентябр ойида «Тройка Диалог» сармоявий компаниясининг собиқ эгаси, асли арманистонлик Рубен Варданян Россия фуқаролигидан воз кечди. У Озарбайжоннинг Қорабоғ вилоятига кўчиб ўтганини маълум қилган.
Июнь ойида Қозоғистонда 10 йилдан ортиқ яшаган яна бир миллиардер, Freedom Finance инвестиция компанияси асосчиси Тимур Турлов ҳам Россия фуқаролигидан воз кечди ва шу йил Қозоғистон фуқаролигини олди.