Туризм – Туркий давлатлар ўртасидаги муҳим кўприк
Маълумки, 2022 йил ноябрь ойида Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити бўлиб ўтади. Шу муносабат билан ЎзА мухбири Тошкент давлат шарқшунослик университети “Ташқи иқтисодий фаолият ва туризм” кафедраси мудири, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент Зулайҳо Қодированинг айни мавзуга оид фикрларини ёзиб олди.
– Сўнгги йилларда кузатилган пандемия мамлакатлараро ҳамкорлик ва интеграция жараёнида тил, дин, маданият, анъаналар яқинлиги нақадар муҳим эканини яна бир бор исботлади. Айни эътироф Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги муносабатларда, айниқса, яққол намоён.
2021 йилга қадар “Туркий кенгаш” номи билан танилган тузилманинг асосий мақсади аъзо мамлакатлар ўртасида ҳар томонлама дўстлик ва ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат. 2019 йил Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2009 йил 3 октябрда тасдиқланган “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван битими”ни ратификация қилиш тўғрисидаги Қонун имзоланиши минтақада илиқ кутиб олинди.
Кўплаб хорижлик экспертлар томонидан Ўзбекистоннинг мазкур ташкилотга қўшилиши улкан тарихий воқеа сифатида баҳоланиб, бу жараён аъзо давлатлар ҳамжиҳатлиги мустаҳкамланишига беқиёс ҳисса қўшиши, ҳамкорлик янада чуқурлашиши, минтақа тараққиёти учун янги имкониятлар очилиши, ташкилот кун тартиби диверсификация қилиниши, тузилма фаолияти ривожланиш суръати фаоллашишини таъминлаши алоҳида таъкидланди.
Бугунги кунда аъзо мамлакатлар ўртасида савдо, инвестиция, саноат, транспорт ва логистика, таълим ва маданият, рақамли технология, бизнес ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш каби масалалар муҳим аҳамият касб этади. Бу борада инвестиция муҳитини тизимли такомиллаштириш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, имтиёзли ва эркин савдо режимини ўрнатиш, божхона тартиб-тамойилини стандартлаштириш, тариф ва нотариф тўсиқларни камайтириш, ягона электрон савдо майдони яратиш, ахборот технологиялари ва технопарклар ҳамкорлиги дастури доирасида ёшлар тадбиркорлиги ва стартапларни илгари суриш, яшил технологияни жорий этишга қаратилган қўшма лойиҳалар амалга ошириш каби чора-тадбирлар режалаштирилган.
Ўтган йил 12 ноябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашининг саккизинчи саммитида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг қардош мамлакатлар билан умумий савдо кўрсаткичи икки баробар ошгани, шу билан бирга бу натижа мавжуд имконият даражасида эмаслигига тўхталиб ўтганди. Таҳлилларга кўра, 2020 йил Кенгашга аъзо давлатларнинг жами импорти 420 миллиард долларни, ўзаро маҳсулот етказиб бериш ҳажми эса 21 миллиард долларни ташкил этган.
Давлатимиз раҳбари тузилма доирасидаги ҳамкорлик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга йўналтирилган ташаббусларни илгари сурар экан, Туркий давлатлар савдо ҳамкорлиги тадқиқот марказини очиш, Хитойдан Европагача мамлакатларимиз ҳудудлари орқали ўтган трансқитъавий транспорт йўлакларини ривожлантириш, ташкилотнинг транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлик дастурини ишлаб чиқиш, ихтисослашган ташкилотлар негизида инжиниринг ва технология марказлари ташкил этиш таклифини берди.
Шунингдек, БМТ билан ҳамкорликда Туркий мамлакатларнинг атроф-муҳит муҳофазаси бўйича тузилмасини ташкил этиш, “ақлли” шаҳарлар яратиш бўйича тажриба алмашиш ва инновацияни трансфер қилиш ҳамда аъзо давлатларнинг тарихий, илмий ва маданий меросини ўрганиш тадқиқот марказини очиш шулар жумласидан.
Президентимиз мазкур саммитда мамлакатлараро туризмни ривожлантириш масаласига алоҳида тўхталиб, “Туркий дунё туризми” ва “Табаррук зиёрат” лойиҳаларини амалга ошириш, ҳунармандлик кўргазмалари, этноспорт мусобақалари ўтказиш, маданий мерос обьектларини сақлаш ва тиклаш билан боғлиқ ишлар долзарб эканини билдирди.
Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия Республикалари Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги топ бешлик ҳамкор мамлакатлари қаторидан ўрин олган. 2022 йил июль ҳолатига кўра, диёримизга келган жами 540 минг нафар сайёҳнинг 57 фоизи Кенгашга аъзо шу уч мамлакат улушига тўғри келади. “Замонавий буюк ипак йўли” сайёҳлик дастурида фаол иштирок этиш ва Хива шаҳрига туркий дунё маданий маркази мақомини бериш таклифини ҳамда 2021 йил 24 июнда Қўқон шаҳри Туркий кенгашнинг туризм пойтахти сифатида эълон қилинишини мазкур ташкилот доирасида туризм соҳасини янада ривожлантириш учун кенг имконият очилгани билан изоҳлаш мумкин.
2022 йил 29 июль куни Ўзбекистон Президентининг “Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши туризм ривожини янги босқичга олиб чиқиш учун амалга оширилиши лозим бўлган ишларни белгилаб берди. Хусусан, Кенгашга аъзо мамлакатлар аҳлини мамлакатимизнинг тарихий маданий меросига жалб қилиш ҳамда умумий маданий меросимизни барча аъзо ва кузатувчи давлатлар тилларида тарғиб қилиш, туристик маҳсулот ва хизмат турларини диверсификация қилиш, зиёрат туризми учун қулай муҳит яратиш республикамизнинг ушбу юртлар билан туризм ҳамкорлигини мустаҳкамлаш баробарида, минтақанинг туристик жозибадорлигини ҳам оширади.
Бу жараёнда зиёрат туризмига урғу бериларкан, мунтазам ҳаво, автомобиль ва темир йўллари қатновини таъминлаш, “Табаррук зиёрат” туризми платформасини ишлаб чиқиш, умумтуркий маданий мерос объектлари консервацияси ва реставрациясини амалга ошириш, туризм соҳаси мутахассислари алмашинувини йўлга қўйиш, барча мамлакатлар туризм салоҳиятини акс эттирувчи кўрсатувларни тайёрлаш ва халқаро телеканалларда кенг ёритиш каби саъй-ҳаракатларни амалга ошириш белгилаб қўйилган.
Ташкилотга аъзо мамлакатлар доирасида сайёҳларни жалб қилиш, хусусан, “Туркий дунёнинг туризм пойтахти” мақомини олган Қўқон ва Марғилон шаҳрини “UNESCO Creative Cities Network” индексига киритиш ҳамда республикамизнинг туристлар учун жозибадорлигини ошириш мақсадида турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш алоҳида аҳамият касб этади. Жумладан, “Туркий халқлар ҳунармандлиги” форуми, “Самарқанд қоғозининг жаҳон илм-фани ва халқаро иқтисодиётда тутган ўрни”, “Марғилон ипак матоларининг ўрта асрлар халқаро бозоридаги аҳамияти” мавзуларида кўргазма ва илмий конференция, “Дўмбира ва қўбиз”, “Чанқовуз ва сибизға”, “Туркий тилли ёшлар халқаро фестивали” каби фестиваллар, турли мавзуларда театрлаштирилган саҳна кўринишлари, инфотурлар, тематик мусобақа ва сайллар ўтказиш режалаштирилган.
Юқорида санаб ўтилган чора-тадбирлар амалга оширилиши 2022-2026 йиллар давомида Кенгашга аъзо давлатлардан мамлакатимизга 5 миллиондан зиёд сайёҳ кириб келиши, уларга 1.3 миллиард долларга яқин туризм хизмати кўрсатилишига имкон яратади.
Бир сўз билан айтганда, Туркий давлатлар аро туризм соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган ишлар қардош юртлар билан дўстлик ришталарининг янада мустаҳкамлаши шубҳасиз. Қолаверса, айни саъй-ҳаракатлар Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг муҳим йўналишлари қаторидан ўрин олган туризмни юксалтириш мақсадлари билан ҳам уйғун.
ЎзА мухбири Беҳруз Худойбердиев тайёрлади.