Энг фазилатли дуо
Дастлабки мусулмонлардан бўлган Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ҳикоя қилади:
Масжиди Набавийда ҳазрати Усмонинг ёнидан ўтаётиб у кишига салом бердим. Кўзларимнинг ичига боқиб турди-да, аммо саломимга алик олмади. Мен ажабланиб мўминлар амири ҳазрати Умарнинг олида бориб, ундан:
– Эй мўминлар амири! Ислом амрларида бирор ўзгариш бўлдими? – деб сўрадим ва ушбу саволимни икки маротаба такрорладим.
– Йўқ, ҳеч нарса ўзгармади, тинчликми ўзи, нима гап? – деди.
Мен:
– Деярли ҳеч гап йўқ. Аммо бироз олдин масжидда Усмон ибн Аффоннинг ёнидан ўтаётиб унга салом бергандим, менга узоқ вақт тикилиб турди, аммо саломимга алик олмади, – дедим.
Буни эшитган ҳазрати Умар ҳазрати Усмонни чақириб келиш учун одам юборди. Ҳазрати Усмон келганида унга:
– Биродаринг Саъд берган саломни нега олмадинг? – деди.
Ҳазрати Умон:
– Мен ундай иш қилмадим, – деди.
Мен:
– Йўқ, қилди, мен берган саломга алик олмади, – дедим.
Шунда ҳазрати Усмон:
– Мен ундай иш қилмадим, – дея қасам ичди.
Мен ҳам:
– Қилди, – дея қасам ичдим.
Кейинроқ ҳазрати Усмон ҳодисани хотирлади:
– Ҳа тўғри, эсладим. Мен ўша ишим сабабли Аллоҳга тавба ва истиғфор айтаман. Бироз олдинроқ сен ёнимдан ўтдинг. Ўша чоқда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган бир ҳадисни ўз-ўзимча тафаккур қилаётган эдим. Ўша сўзни ёдга олган чоғимда гўёки кўзимга ва қалбимга бир парда тортилди, кўра олмайдиган, эшита олмайдиган бўлдим, – деди.
Саъд ибн Ваққос сўзини бундай давом эттирди:
У ҳолда мен унга:
– У сўзни сизга мен айтиб бераман, – дедим ва шуларни англатдим: “Бир куни Расули акром энг фазилатли дуонинг қайси эканини айтиб бермоқчи эдилар, Шу чоқда қаердандир бир бадавий пайдо бўлди ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг вақтларини олди. Сўнгра Аллоҳнинг Ҳабиби ўринларидан туриб кетаётган эдилар. орқаларидан эргашдим. У зотга етиб олгунимга қадар уйларига кириб кетадиганга ўхшовди, қадамимни жадаллатдим. Шунда Расулуллоҳ ортларига ўгирилиб:
– Ким у? Сенмисан Абу Исҳоқ? – дедилар.
– Менман, ё Аллоҳнинг Расули! – дедим.
– Нима гап? Тинчликми? – дедилар.
– Тинчлик, аммо бироз олдин бизга энг фазилатли дуони ўргатмоқчи эдингиз, аммо шу бадавий пайдо бўлиб сизни машғул қилиб қўйди, шу сабабли уни ўргатишга вақтингиз бўлмай қолди, – дедим.
– Ҳа, дарвоқе, у Юнус пайғамбар балиқнинг қорнида вақтида ўқиган дуодир. Юнус бундай дуо қилган эди: “Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилувчилардан бўлдим” (Анбиё, 87).
Қайсики мусулмон сўзини шундай бошлаб дуо қилса, Аллоҳ таоло унинг дуосини, албатта, қабул этади”[1].
Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан
Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ
[1] Термизий, Даават, 82; Аҳмад ибн Ҳанбал, Муснад, I, 170; Абу Яъло ал-Мавсилий, Муснад, II, 110-111; Ҳоким, ал-Мустадрақ (Ато), I, 684-685, II, 637; Хайсамий, Мажмауз-завоид, VII, 68, X, 159; Албоний, Саҳиҳ ул-тарғиб ват-тарҳиб, II, 282, 363