Саҳобалар таъбирида Ватан тушунчаси
Пайғамбарлардан кейин энг улуғ инсонлар саҳобалардир. Уларнинг ҳаётида ҳам ватанга бўлган муҳаббатнинг ёрқин мисолларини кўришимиз мумкин.
Ибн Ҳамдун ўзининг “Ат-тазкиратул ҳамдуния” асарида келтиради: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Агар одамлар Ватанларига қаноат қилгандек, ризқларига қаноат қилганларида бирор
банда ризқдан шикоят қилмасди”.
Умар розияллоҳу анҳу: “Инсонлар ватанларини севмаганларида шаҳарлар хароб бўлур эди”; “Ватанларни севиш билан шаҳарлар обод бўлур”, деганлар.
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида Абу Бакр ва Билол касалликка чалинди. Ойша розияллоҳу анҳо айтади: “Иккисининг ҳузурига кирдим ва: “Эй отажон, қандайсиз, эй Билол, қандайсиз?» дедим.
Абу Бакрни иситма олганида:
“Ўтар чоғим топсайдим аҳлимда қўним,
Ковуш ипидан яқин инсонга ўлим”, дер эди.
Билолдан иситма кетганда, овозини кўтарганча
“Эҳ, қанийди, бўлсайдим, юртимда бир кеч,
Орзу мисол водийлар, етолмасман ҳеч.
Атрофда бўлсайди ўша чоғ изхир ва жалил
Мажинна обига сер, қани Шомаю Тофил”, дер эди».
Ойша розияллоҳу анҳо сўзида давом этади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келиб иккисининг хабарини берган эдим: “Аллоҳумма ҳаббиб илайнал Мадината каҳуббина Макката ав ашадда ва соҳҳиҳҳа ва барик лана фи соъина ва муддина ванқул ҳуммаҳа фажъалҳу бил Жуҳфа”, деб дуо қилдилар» (Имом Бухорий ривояти).
Дуонинг таржимаси: “Эй Аллоҳим! Бизга Мадинани Макка каби ёки ундан ҳам суюклироқ қилгин. Уни тузатгин ва соъимиз ва муддимизга барака бергин. Ундаги иситмани Жуҳфага кўчиргин”.
Билиш муҳим!
Билол розияллоҳу анҳунинг иситмалаган ҳолида ҳам дард билан овора бўлиш ўрнига бир кун ёки ярим кун ўз юртида бўлишни орзу қилиши ватанга бўлган муҳаббатнинг белгисидир.
Бу ҳолатга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг индамаганлари ёки уни инкор этмаганлари, балки у зотнинг Мадина ҳақига дуо қилишлари бу муҳаббатнинг шаръий эканлигини кўрсатади.
“Исломда ватан тушунчаси” китобидан
Муаллиф: Нуриддин домла Холиқназаров
Нашриёт: “Shamsuddinxon Boboxonov”
Сана: 2022 йил
Ҳажми: 160 бет
ISBN: 978-9943-12-672-5
Ўлчами: 84×108 1/32
Муқоваси: қаттиқ
http://hidoyatuz.taplink.ws