МАСЖИДУЛ ҚИБЛАТАЙННИНГ ФАЗИЛАТИ
“Масжидул Бану Салама” ёки машҳур номи “Масжидул Қиблатайн” – икки қиблали масжид. У Мадинаи мунавваранинг энг қадимий масжидларидан бири. Масжидун Набавийдан 6,8 км узоқликда жойлашган бу масжид Бану Салама минтақаси Холид ибн Валид кўчасида қад кўтарган. Масжидул Қиблатайн Ислом тарихида катта аҳамиятга эга, унда оламшумул воқеа бўлиб ўтган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ерда намоз ўқиётганларида ваҳий нозил бўлиб, қибла Байтул Мақдисдан Каъбага томон ўзгарган.
Каъба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам наздида икки қибланинг суюклироғи эди. У зот Каъбага қараб намоз ўқишни ўз қавмини Исломга киришлари учун қулай имконият деб билардилар. Шу сабабли, қибланинг Каъба тарафга ўзгаришини муборак дуоларида сўрардилар. Шунинг учун ваҳийнинг тушишини кутиб, тез-тез осмонга қарардилар.
Аллоҳ таоло мана бу оятни нозил қилди: “Гоҳо юзингнинг осмонга тез-тез бурилганини кўрурмиз. Бас, албатта, сени ўзинг рози бўлган қиблага қаратурмиз. Юзингни Масжидул Ҳарам томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам, юзингизни у томон бурингиз” (Бақара сураси, 144-оят).
Бир ривоятда пешин, бошқасида аср пайтида ҳижратнинг иккинчи йили, ражаб ойининг ўрталари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бану Саламадаги масжидда жамоат билан Қуддусга қараб намоз ўқиётган эдилар. Намознинг ўртасида ваҳий тушиб, қибла Байтул Мақдисдан Каъбага ўзгарди. Шу сабабли масжид “Масжидул Қиблатайн” номини олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша заҳоти юзларини Қуддусдан Каъбага томон бурдилар. Жамоат ҳам саф бўлиб у зот билан бирга бурилди. Шундан кейин барча масжидларнинг қиблалари ўзгартирилди.
Масжидул Қиблатайннинг олдинги қибласи шимол Байтул Мақдисга, иккинчиси эса жануб Макка тарафга қараган эди. Масжид 1987 йилда тўлиқ қайта таъмирланганидан кейин Байтул Мақдисга қараган қибла олиб ташланган ва унга белги ўлароқ шифтга рамзий меҳроб белгиси қўйилган.
Марварид каби оппоқ товланиб турувчи ушбу масжиднинг бошқа масжидлардан фарқи унинг икки қибласи борлигидадир. У бу борада ер юзидаги ягона масжид ҳисобланади.
Улуғ саҳоба Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиган масжидларга, хусусан, Масжидул Қиблатайнга ҳам тез-тез бориб турарди. Агар имкон бўлса, бу масжидда намоз ўқиш катта савоб ва фазилат ҳисобланади.
Китоб номи: “Умра – улуғ амал”
Муаллиф: Нуриддин домла Холиқназаров
Нашриёт: «Shamsuddinxon Boboxonov» НМИУ
Сана: 2023 йил
Ҳажми: 272 бет
ISBN: 978-9943-12-684-8
Ўлчами: 60х84 1/32
Муқоваси: юмшоқ
http://hidoyatuz.taplink.ws