Ислом – эзгулик дини
15 август куни қабул қилинган Президент қарорида 2024 йилнинг октябрида “Ислом –тинчлик ва эзгулик дини” мавзуида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказиш таъкидланган.
Мазкур анжуманнинг бундай аталиши бежиз эмас. Давлатимиз раҳбари БМТ минбаридан туриб: “Биз бугун жаҳон жамоатчилигига Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қилмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, деб сўзлаган тарихий нутқи жуда катта эътиборга молик бўлган эди.
Дарҳақиқат, ҳозирги таҳликали даврда Исломни қора қилиб кўрсатмоқчи бўлган кимсалар кам эмас. Айниқса, Исломга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган ғараз ниятли кимсалар ўзларининг мудҳиш жиноятларини динимиз номи билан боғламоқдалар. Улар тинчлик ва эзгулик дини бўлган Исломни ёмонотлиққа чиқармоқчи бўляптилар. Ана шундай замонда жаҳон ҳамжамиятига Исломнинг асл моҳияти – тинчлик ва эзгулик эканлигини етказиш бугунги кундаги энг долзарб масаладир.
Қуръони каримда: “Эй иймон келтирганлар! Ёппасига тинчликка кирингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга очиқ душмандир” (Бақара сураси, 208-оят), деб таълим берилган.
Ушбу оятнинг тафсирида: “Исломнинг маъноларидан бири тинчлик, дейилган. Шундай экан, оятнинг маъноси – тинчликка тўлиғича киринг. дегани бўлади. Тинчлик инсон қалбининг хотиржамлигидан бошланади. Сўнгра қалбдаги тинчлик оилага кўчади. Оилалардаги тинчлик қўни-қўшни, қариндош-уруғлар орасига кўчади. Сўнгра жамиятга ўтади. Демак, давлат миқёсидаги тинчликка хотиржам қалб, тинч оила. қўни-қўшни, қариндош-уруғлар, бутун жамият тинч бўлганда эришилади. Давлатларнинг ўзаро тинчлиги эса бутун дунёда тинчликка эришилганлиги англатади” дейилади.
Ислом мўмин-мусулмонларни ўзаро аҳил, тинч бўлиб яшашга буюради. Қуръони каримда: “Албатта, мўминлар ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз” (Ҳужурот сураси, 10-оят) дейилган. Демак, биз мўмин-мусулмонлар бир-биримиз билан ўзаро иноқликда, аҳилликда, тинчлик-омонликда истиқомат қилишимиз даркор.
Динимиз тинчлик улуғ неъмат эканини таъкидлаш билан бирга уни қадрлашга буюради. Бинобарин, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдурки, бундан кўп одамлар маҳрумдирлар” (Имом Бухорий ривоят қилган), деганлар.
Ислом одамларни тинчликка зарар берадиган, эзгу ишлардан чалғитадиган ҳар хил фитналар чиқаришдан қайтаради. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам:: “Фитна уйқудадир, уни уйғотган кишига Аллоҳнинг лаънати бўлсин” (Жалолиддин Суютий. “Ал-Жомиъ ас-сағийр), деб огоҳлантирганлар.
Ислом – эзгулик ва яхшилик тарғиботчиси. У ҳеч қачон қон тўкиш, зулмга, зўравонликка буюрмайди, аксинча, бундай ишларни қаттиқ қоралайди ва улкан гуноҳ деб огоҳлантиради. Давлатимиз раҳбари айтганидек, “Дин одамзодни ҳеч қачон ёмон йўлга бошламайди. Дин бу дунёнинг ўткинчи эканини, охиратни эслатиб туради. Одам боласини ҳушёр бўлишга, ҳаром йўллардан узоқ юришга, яхши бўлишга, яхши из қолдиришга ундаб туради”.
Хулоса қилиб айтамизки, Президентимизнинг ташаббуси билан ташкил этиладиган халқаро илмий-амалий анжуман жаҳон афкор оммасига Ислом – тинчлик ва эзгулик дини эканлигини яна бир карра намоён қилади.
Раҳматилла УСМОНОВ,
Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби