ҚУРЪОН САБОҚЛАРИ БЎЙИЧА ИЛМИЙ СУҲБАТЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА
Аллоҳга шукрки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан соҳа ходимларининг касб-маҳорати ва иш тажрибасини ошириш тизимли амалга оширилмоқда. Хусусан, имом-хатибларнинг Қуръон илмларини бойитиш ва Каломуллоҳни тажвид қоидалари билан янада гўзал ўқиш учун мунтазам семинар-тренинглар ташкил этилмоқда.
Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари билан масжидларда фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом ноибларининг қироат бўйича билимларини янада яхшилаш мақсадида Қуръон ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори бошчилигидаги бир гуруҳ устозлар томонидан диёримизнинг турли ҳудудларида Қуръон илми, қироат турлари ва тажвид қоидалари бўйича амалий машғулотлар ўтказилмоқда.
Масжидлар билан ишлаш бўлими ҳамкорлигида мазкур ўқувлар учун алоҳида дастур ва режалар ишлаб чиқилиб, маҳоратли устозлар жалб этилган. Жорий йил сентябрь ойида мазкур йўналишда уч ойлик дарслар бошланган эди. Шу кунга қадар Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида машғулотлар ўтказилди. Ўқувларда 400 нафар имом-хатиб ва 200 нафар имом ноиби иштирок этди.
Ўқув семинарлари юртимиз бўйлаб давом этмоқда.