“Ичимга олов киргандек бўлди…”
Қабулга келган аёл жуда тушкунликка тушиб қолган эди. У: “Мен фолбинман. Хасталаниб қолганимда қайнонам саломатлигимдан хавотир олиб, қўшнимизнинг маслаҳати билан уйга бир “домла”ни олиб келди. Ажабтовур кийиниб олган кишининг гапларидан ҳайратга тушдим. Аждодларимиз илмли инсонлар бўлишганини айтиб, “фотиҳа” олишимни, қора қўчқор сўйиб, қонини ичишим кераклигини тушунтирди. Қўчқор сўйилди, қонидан менга бир пиёла ичиришди, ичимга олов киргандек бўлди. Одамларни қабул қилишимни айтиб, чиқиб кетди.
Мен одамларни қабул қила бошладим. Кўзимга ҳар хил нарсалар кўринарди. Аммо аҳволим яхши эмас. Хаёлимда гўё икки фарзандимни ҳам боғлаб ёқиб юборишдек шум ният чарх уради. Опа, ёрдам сўраб келдим…” деди.
Аёлга саломатлиги борасида мутахассис шифокорларга учрашиши кераклиги, шунингдек, фолбинлик улкан гуноҳлиги тушунтирилди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Аллоҳни қўйиб, фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайдиган нарсаларга илтижо қилманг! Агар шундай қилсангиз, унда, албатта, сиз золимлардандирсиз. Агар Аллоҳ сизга бирор зарар етказса, бас, Унинг Ўзидан бошқа уни кетказадиган (куч) йўқдир. Агар сизга бирор яхшилик (етказиш)ни истаса, Унинг фазлини қайтарувчи (куч) ҳам йўқдир. Уни (фазлини) бандаларидан хоҳлаганига етказур. У кечиримли ва раҳмли Зотдир” (Юнус сураси,106–07-оятлар).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким фолбиннинг ё сеҳргар-жодугарнинг ёки коҳин-фолбин (жинларим бор, одамларим бор, руҳлар билан гаплашаман, деб шариатга зид йўллар билан одамларга дам солувчи)нинг олдига бориб, унинг айтганларини тасдиқласа, албатта, Муҳаммадга нозил қилинган (Қуръон)га кофир бўлибди” (Имом Абу Довуд ривояти), дейилган.
Аёлга керакли маслаҳатлар билан бирга зарур китоблар ҳам ҳадя қилинди. У китобларни олиб, албатта, ўқиб чиқишини, гуноҳи учун тавба қилишини айтди.
Анча вақт ўтгандан кейин ҳалиги аёл яна қабулга келди. У таниб бўлмас даражада ўзгарган эди: «Опа, мен Аллоҳга астойдил тавба қилдим. Одамларни қабул қилишни тўхтатдим. Китобларни қайта-қайта ўқиб чиқдим. Аллоҳ менга синовлар берди. Тўрт марта жарроҳлик амалиёти ўтказдим. Узоқ вақт жарроҳлик столида ётдим. Ҳушимга келганимдан кейин мени операция қилган шифокор: “Иймонингизга ҳавасим келди. Тўрт соат операция давомида тинмай таҳлил айтдингиз. Мен бундай беморни кўрмаганман”, деди».
Инсон тушкунликка тушиб қолса, ечимини фолбинлардан кутмаслиги керак. Қуръон қалб шифоси бўлгани боис уни тиловат қилиш ёки эшитиш, доим тоат-ибодатда бўлиш керак. Бошимизга бирор ташвиш тушганида фақат Аллоҳдан мушкуллар ечимини сўраб дуо қилиш, натижани кутишда ўта сабрли бўлиш талаб этилади.
Фолбинлар олдига келган инсонларнинг ишончини орттириш учун улар “Бўйнимга олганман”, “Одамларим менга айтдики…”, “Кўзимга кўриняпти”, “Руҳлар билан гаплашаман” ва шунга ўхшаш турли гаплар билан бошқалар эътиборини ўзига қаратишади. Аслида, “одамларим, париларим, маклларим (малоикалар), жинларим” ва шунга ўхшаш сўзларни ўзларига одат қилиб олган инсонларнинг ўзлари шифога муҳтож.
Мўмин киши шубҳали барча нарсалардан узоқ туриши керак. Ҳар бир синов, дард, мусибатда Аллоҳ таолонинг Ўзигагина илтижо қилиш шарт.
Мунира АБУБАКИРОВА,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим етакчи мутахассиси
“Мўминалар” журнали, 8-сон, 2024 йил
http://hidoyatuz.taplink.ws