Қаноатсизлик ҳаромга бошлайди
Қадимда аждодларимизнинг солиҳа аёллари эрларини: “Биз ҳар қандай қийинчиликка, ҳатто очликка ҳам чидаймиз, аммо дўзах азобига бардош бера олмаймиз. Шунинг учун уйга ҳаром ризқ олиб кклманг!” деб меҳнатга, сафарга кузатар эдилар.
Абу Ҳозим раҳимаҳуллоҳ бундай дкди: “Агар неъмат бандани Аллоҳ азза ва жаллага яқинлаштирмас экан, у балодир”.
Авваллари оталарнинг топганини оналар бир уй фарзандларига тақсимлаб етказган. Бугун эса айрим аёллар эри қанча кўп пул топса-да, 2 ёки 3 нафар фарзандига етказа олмайди. Аёлнинг қаноатсизлигидан, гапларидан безган эркак қандай йўл билан бўлса-да, кўпроқ пул топишга киришади. Бунинг оқибатида асл мақсаддан – ибодатдан чалғийди. Бундай аёлларнинг кийим жавонида оҳори тўкилмаган либоси устига либос қўшилади, гўзаллик деб соғлиги учун зарари кўпроқ хизматлардан фойдаланади. Ҳар гал маблағ ножўя сарфланади. «Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”» (Иброҳим сураси, 7-оят).
Пулни тежаб, хайрли амалларга сарфлайдиган, рўзғорни биргаликда тебратадиган оилалар ҳам бор, албатта. Уларнинг топаётган маблағи оз бўлса-да, кўпга етади. Сабаби, сабр ва шукр туфайли бу оилага барака келади. “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси, 172-оят).
Аллоҳ таоло биз бандаларга шукр қилишимиз учун неъматлар берган. Қайсидир неъмат берилмаган экан, бунда бир ҳикмат яширин экани айтилади. Аёл эри топган пулни тартибсиз ишлатса, унинг нафсониятига тегиб, етарли пул тополмасликда айбласа, баъзан эркак бировнинг ҳаққига хиёнат қилиш, ёлғон сўзлаш, мунофиқлик қилиш йўлига ўтади.
Шундай экан, азиз аёллар, оз бўлса-да, ҳалол ва хайрлисини танлайлик. Аллоҳ таоло бизни ғафлатга соладиган, гуноҳга сабаб бўладиган амаллардан асрасин!
Зулайҳо СОАТОВА,
Тошкент шаҳар бош отинойиси
“Мўминалар” журнали, 5-сон, 2025 йил
http://hidoyatuz.taplink.ws