Юксак тафаккур хазиналари
2018 йилда тамал тоши қўйилган Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази қуриб битказилди. Уч қаватдан иборат марказ биноси қадимий меъморчилик услубида барпо этилган. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қад ростлаган.
Марказнинг асосий биносида Қуръони карим зали бўлиб, у ерда ҳазрат Усмон Мусҳафи, сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, Ўзбекхон, темурийлар ва бошқа тарихий сулолалар даврида кўчирилган Қуръон нусхалари, уларнинг эски ўзбек тилидаги таржималари ҳамда жаҳондаги энг нодир қўлёзма нусхаларидан намуналар ўрин олган.
Шунингдек, марказда “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс”, “Иккинчи Ренессанс” ҳамда “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс” бўлимлари ташкил этилган. Уларда мазкур даврлар тарихи турли ашёлар, қўлёзма манбалар, суратлар ва мультимедиа воситалари орқали намойиш этилади. Хоразмий, Фарғоний, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур, Али Қушчи каби мутафаккирлар, Абу Ҳафс Кабир, Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Муин Насафий, Қаффол Шоший, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий каби улуғ алломаларнинг бой илмий, маънавий мероси кенг ёритилган.
Ўзбекистондаги ислом цивилизация маркази халқаро нуфузли Prix Avicenne (Ибн Сино) 2025 мукофотига сазовор бўлди.
Дамин ЖУМАҚУЛ
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 24-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws