Ҳақ ва адолат йўли
Инсоф бор жойда адолат барқарор, виждон уйғоқ, ҳақ устувордир. У йўқолса, қонунлар ҳам самара бермайди. Шу маънода инсоф инсон ва жамият ҳаётини мувозанатда ушлаб турувчи энг муҳим маънавий устундир.
Ислом таълимотида инсоф юксак ахлоқий фазилат бўлиб, инсоннинг ўз нафси устидан ҳаққоний ҳукм чиқара олишини англатади. Нафсни ҳақ мезонига солиш – энг оғир юмуш. Зеро, ким бунинг уддасидан чиқса, у, албатта, бошқалар ҳаққини ҳам ҳурмат қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди», деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Бугунги кунда жамият ҳаётида кузатилаётган кўплаб иллатлар – муомаладаги ноҳақлик, савдодаги алдов, сўздаги шафқатсизлик, баҳсдаги мутаассиблик – инсоф мезони заифлашганининг яққол белгисидир. Кўп ҳолларда одамлар ҳақни эмас, ўзини ҳақ деб кўрсатишни, адолатни эмас, ғалабани кўзлайди. Ҳолбуки, ҳақиқий ютуқ – инсофни йўқотмасдан ҳақ томонда тура билиш.
Инсоф заифлик эмас, балки маънавий қудрат белгисидир. Заиф одам хатосини тан ололмайди, ўз айбини яшириш учун баҳона излайди. Инсофли инсон эса ҳақни тан олишни ор деб эмас, балки юксак фазилат деб билади. Шу боис уламолар: “Инсоф – ахлоқ камолининг энг юксак даражасидир”, деб таъкидлаганлар.
Оилада инсоф тамойиллари қарор топса, муҳаббат мустаҳкамланади, келишмовчиликлар камаяди. Қўшничиликда инсоф бўлса, ишонч ва осойишталик кучаяди. Савдо-сотиқда инсоф устувор бўлса, ризққа барака киради. Раҳбарлик ва масъулиятда инсоф бўлса, халқ рози, жамият барқарор бўлади. Демак, инсоф шахсий ахлоқ доирасидан чиқиб, бутун жамият ҳаётини соғломлаштирувчи кучга айланади.
Қуръони каримда марҳамат қилинади: «Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур» (Наҳл сураси, 90-оят). Бу оят ҳар бир мўмин учун ҳаёт дастури, ҳар бир жамият учун маънавий қоида бўлиши керак. Чунки адолат ва инсоф устувор бўлмаган жамиятда тинчлик ҳам, тараққиёт ҳам бардавом бўлмайди.
Шунинг учун сўзлаганда инсофли, баҳо берганда адолатли, муносабатларда ҳалол бўлайлик. Ҳар бир ишимизни виждон тарозисида тортиб кўрайлик. Зеро, инсофли инсон –одамлар ҳурматига сазовор, жамият учун эса энг катта бойликдир.
Зиёд НИШОН
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 4-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws