Диннинг руҳи, амалнинг жони
“Ихлос” сўзи бир ишни самимият, холислик ва сидқидилдан амалга ошириш, деган маънони англатади. Шариатда эса ихлос – барча ибодат ва эзгу амалларни фақат Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида холис ният билан адо этиш демакдир.
Уламолар ихлоснинг моҳияти ва унинг чегаралари ҳақида турли таърифлар келтиришган. Баъзи олимлар: “Ихлос диний вазифаларни фақат Аллоҳ учунгина адо этишдир”, деб таърифлаган бўлсалар, бошқалари: “Ихлос – амалларни одамларнинг эътиборидан яшириш”, деб тушунтирганлар.
Таниқли тасаввуф уламоси Харавий бундай дейди: “Ихлос амалларни ҳар қандай ташқи аралашувлардан поклашдир”. Яна бир Диннинг руҳи, амалнинг жони олим мухлис шахсни қуйидагича сифатлайди: “Мухлис киши – бошқалар унинг амалларини билиши ёки билмаслигидан қатъи назар – Аллоҳ олдида тақводор бўлишни мақсад қилади. У ҳатто энг кичик амалини ҳам одамлар билишини истамайди”.
Ихлос – қалб учун энг оғир синовлардан бири. Суфий уламолардан Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарийдан: “Қалб учун энг машаққатли нарса нима?” деб сўралганида, у зот: “Бу – ихлос. Чунки унда нафснинг ҳеч қандай ҳиссаси қолмайди”, деб жавоб берган.
Қалбда ихлосни сақлаш доимий равишда ўз-ўзини кузатиш ва руҳий тозаликни талаб этади.
Ҳар бир ибодат ва хайрли амал ихлос асосида адо этилиши шарт. Зеро, амалнинг қабул қилиниши ёки рад этилиши унинг қанчалик холис ният билан қилинганига боғлиқ. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Албатта, Биз сизга Китобни ҳақ ила нозил қилдик. Бас, Аллоҳга Унга динни холис қилган ҳолингизда ибодат этинг” (Зумар сураси, 2-оят).
Яна бир оятда эса аввалги умматлар ҳам холис ибодатга буюрилгани баён қилинади: “Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир”(Баййина сураси, 5-оят).
Бошқа оятда холислик билан юзини Аллоҳга бурган мўмин энг гўзал дин эгаси сифатида таърифланади: “Эзгу иш қилувчи ҳолида юзи (ўзи)ни Аллоҳга бўйинсундирган ва тўғри йўл (саналмиш) Иброҳим динига эргашган кишидан бошқа кимнинг дини чиройлидир?! Ваҳоланки, Аллоҳ Иброҳимни (Ўзига) дўст тутгандир” (Нисо сураси, 125-оят).
Амални одамларга кўрсатиш ёки улардан мақтов кутиш ниятида қилиш риё ҳисобланади. Риё – амални барбод қилувчи оғир маънавий хасталикдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қудсий ҳадисда Аллоҳ таоло бундай дейди: “Мен ширкдан энг беҳожат Зотман. Ким бир амал қилиб, унда Мендан ўзгаларни шерик қилса, Мен уни ҳам, ширк қилган амалини ҳам тарк этаман (қабул қилмайман)”(Имом Муслим ривояти).
Яна бир ҳадисда эса: “Ким илмни Аллоҳнинг розилиги учун эмас, балки дунёвий мақсадлар учун ўрганса, у қиёмат куни жаннатнинг ҳидини ҳам тополмайди”, дейилади (Имом Абу Довуд ривояти). Аллоҳ таоло холис ният билан қилинган, ҳатто энг кичик амалларни ҳам улуғ мукофотлар билан тақдирлайди.
Хулоса қилиб айтганда, ихлос – Ислом динининг руҳи, амалларнинг жонидир. Бир амалнинг катта ёки кичиклиги эмас, унинг холислик билан қилингани Аллоҳнинг наздида муҳимдир. Чунки амал – зоҳир, ихлос эса – унинг маънавий моҳияти ва ҳаётидир. Аллоҳ таоло барчамизни ихлосли бандаларидан қилсин.
Исроилжон МУХТОРОВ,
“Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 14-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws