Самуд қавми қиссаси
Самуд қавми Ҳижр (Саудия Арабистони шимоли-ғарбидаги Мадоин Солиҳ деган жой) минтақасида яшаган ва тошларни йўниб уйлар қуришда моҳир бўлган. Ерлари кўкаламзор, боғ-роғларга бурканган бўлиб, фаровон ҳаёт кечиришган. Мадоин Солиҳ шаҳрида топилган археологик қолдиқларни Қуръон оятларига мос келадиган тамаддун излари дейиш мумкин.
«Сизларни (Аллоҳ) Од (қавми)дан кейинги халифа (авлод) қилгани ва текисликларида қасрлар (қуриб) олишингиз, тоғларидан ўйиб, уйлар ясаб олишингиз учун сизларга Ердан жой берганини эслангиз! Бас, Аллоҳнинг неъматларини эслангиз ва Ер (юзи)да бузғунчилик қилиб юрмангиз!» (Аъроф сураси, 74-оят).
Аммо улар кибрга берилиб, йўлдан адашишди. Аллоҳни қўйиб, бутларга сиғина бошлади. Аллоҳ таоло ушбу қавмга ораларида ростгўйлик ва гўзал ахлоқи билан танилган Солиҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди.
Солиҳ алайҳиссалом: «Эй қавмим! Аллоҳга сиғинингиз! Сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқ» (Ҳуд сураси, 61-оят) деди. Оз сонли кишилар унга эргашди, кўпчилиги эса даъватни қабул қилмади.
Самуд қавмининг залолатга кетганлари Солиҳ алайҳиссаломдан уларга мўъжиза кўрсатишини, яъни тошдан туя яратиши, қорнида боласи бўлиши каби сифатларни талаб қилишди. Солиҳ алайҳиссалом Аллоҳдан Самуд қавмига мўъжиза юборишини сўради ва мушриклар талаб қилган туя яратилди. Ушбу мўъжизани кўриб ҳақ динни қабул қилганлар бўлди, лекин аксарияти залолатда давом этди. Ёлғончилиги ошкор бўлиб қолган мушриклар тинчлигини йўқотиб, туяни ўлдиришга қарор қилдилар.
Қуръони каримда ушбу воқеа бундай баён этилади: «“Эй қавмим! Мана бу – Аллоҳнинг мўъжизали туяси. Бас, уни Аллоҳнинг ерида ўтлаб юришига қўйиб берингиз ва унга бирор ёмонлик етказмангиз. Акс ҳолда сизларни яқин (фурсатда) азоб тутар”. Бас, уни (туяни) сўйдилар. (Солиҳ) деди: “Уйларингизда уч кун (ҳаётдан) баҳраманд бўлиб турингиз! Бу ёлғон эмас (чин) ваъдадир”» (Ҳуд сураси, 64-65-оятлар).
Солиҳ алайҳиссалом уларга илгариги қавмлар, хусусан, Од қавмининг тақдирини эслатди. Аммо мушриклар масхара қилиб, азобнинг тезроқ юборилишини талаб қилишди. Аллоҳ уларга даҳшатли товуш (сойҳа) ва зилзила юбориб, Солиҳ алайҳиссалом ва иймон келтирганлардан бошқа ҳаммани ҳалок қилди.
«Буйруғимиз (азобимиз) келгач, Солиҳни ва у билан бирга иймон келтирганларни Биздан бўлмиш раҳмат билан (азобдан) ва ўша куннинг шармандалигидан халос этдик. Албатта, Раббингиз Қувватли ва Қудратлидир! Зулм қилганларни қичқириқ тутди. Бас, (улар ўз) уйларида мурдага айландилар. Гўё у ерда (олдин) яшамагандек (излари ўчиб кетди). Огоҳ бўлингизки, Самуд (қабиласи) Парвардигорини инкор этган эди. Огоҳ бўлингизки, Самуд (қавми)га ҳалокат етсин!» (Ҳуд сураси, 66 – 68-оятлар).
Ушбу қисса Аллоҳга шукр қилишнинг хосияти, ширкнинг хатари ва унга қўл урган киши нажот топмаслигини эслатади. Яратган Зот бизни кибрга берилиш, залолатга кетиш ва адашишдан асрасин.
Чиноз тумани “Қози маҳалла” жоме масжиди имом-хатиби
Баҳодирхон МУРТАЗОЕВ тайёрлади.
http://hidoyatuz.taplink.ws