Борар манзилим – намоз
(Бошланиши ўтган сонда).
Ҳар нарсанинг вақти-соати бўларкан. Қанча шошганимиз билан барибир тақдирда битилгани бўлади. Шундай экан, ниятни тўғри қилишимиз керак. Шунда тилакларимиз рўёбга чиқади.
Ажойиб кунларнинг бирида навбатдаги Рамазон ойи яқинлашди. Ҳар ҳолда рўза тутиш кун тартибимга кирган, бир ойни ўзни тийиш, парҳез ва бошқа эзгу амаллар билан ўтказиш одатга айланган эди. Бу йил Рамазонни бизга муваққат қўшни бўлган ҳамхона билан ўтказишга тўғри келди. У зот замонавий зиё- лилардан, мендан йигирма ёш кичик бўлса ҳам, диний илми яхши эди.
Ойлар султони яқинлашганда ҳам хонадошим гўё яқинида ҳеч ким йўқдек парво қилмади. Ҳатто бирон марта намоз ҳақида эслатмади ҳам. Эҳтимол, у менинг эътиқодим қанчалик жиддий эканини синамоқчи бўлгандир. Мен эса, намоз ва унга доир амалларни китоблардан ўқиб, ўзимни руҳан тайёрлаб бордим.
Албатта, намоз ҳақида китоблардан ўқиш у ҳақда тасаввур ҳосил қилади, бироқ уни амалда бажариш ҳар жиҳатдан афзалдир. Айниқса, намозга киришишдан олдин покланиб олиш жуда муҳимдир. Таҳоратнинг ҳар бир амалини, аниқроғи, талабларини мукаммал бажаришни мулоҳаза қилиб кўрсак, унинг кардиограммасини биологик унсур сифатида инсоннинг моддий борлиқдан руҳ оламига, ташвишлар гирдобидан узлатга ўтишининг қадам-бақадам силжиши жараёни деб баҳолаш мумкин.
Намозни ният қилган одам, аввало, тафаккуридаги ноқис хаёллардан фориғ бўлиши лозим. Билъакс, унинг таҳорати мукаммал бўлмайди. Одатда, сув билан таҳорат олиш буюрилган. Сув манбаига яқинлашган ёки қўлида обдаста тутган одамнинг дилида фақат жойнамоз устида Яратган билан ёлғиз қолишга ҳозирланиш истаги бўлади. У дунё ташвишларидан бир зум узилади, бошида ғужғон ўйнаган бевафо дунё ғалваларидан фориғ бўлади. У ўзини шунга шайлайди.
Таҳорат мантиғи шундаки, намозхон ҳар бир аъзосига буюрилган “хизматни адо этиш” жараёнида ўзининг бўлак (узв) лардан иборат яхлит вужуд эканини ҳис этиб боради. Шу билан бирга, ҳар бир аъзога инсон фаолиятида иштирокига муносиб тарзда покланиш буюрилган: қўллар ювилади, оғиз ғарғара қилинади, бурунга димоғни ачитадиган даражада сув тортилиб, кейин қоқилади, юз тўлиқ ювилади, қўллар тирсаклари билан қўшиб покланади, бошга масҳ тортилади, оёқлар тўпиққача тозалаб ювилади.
Таҳорат туфайли тана покланиши баробарида руҳ ҳам тетик бўлади. Демак, ҳам руҳий, ҳам жисмий тозаланишнинг ибтидоси шу аъзолардан бошланади. Ким тоза, пок юришни ният қилса, амални шу жойлардан бошлаши лозим.
Инсон тийнати ва фикратига ёмонлик қандай ўрнашади? Кириш каваклари кўп, лекин ёмонликнинг инсон вужудига нафс орқали кириши ўз исботини топган. Шунинг учун динимиз таълимотида энг катта жиҳод нафсга қарши курашдир. Одамзод “хомсут эмган банда” сифатида моддий нафсга берилса, кўп ейди, семиради, жисм салоҳияти ақл салоҳиятини енгади. Ҳирсга берилса, зинога ружу қўяди, мислсиз ахлоқсизликлар, жиноятларга йўл очилади. Шу туфайли таҳоратнинг илк амалиёқ намознинг даражасини белгилаб турибди. Чинакам покланган одам нафс балосидан йироқ бўлади.
Исломнинг беш рукнидан бири намоздир. Барча ибодатлар ерда, яъни осмондан олиб тушилган ваҳий орқали фарз бўлган, илло, намоз Меърожда фарз бўлган. Намознинг буюрилиши билан руҳ ва тан вобасталигида банданинг ўзига назар солиши ва уни яратган Биру Бор Зот билан қалбан боғланишидир. Яъни одам фарзанди бир суткада беш бора гўё Ҳақ билан рўбару бўлади.
Яратилишимиздан, яшашдан мақсад ҳам аслида, шу: Аллоҳ таолога ибодат қилиш. Зотан, Зориёт сурасида Раббимиз: “Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” (56-оят), деб буюрган.
Одамзод “ал-Мисоқ”да Раббисига берган аҳдни, ваъдани унутмаслиги керак. Қуръони каримда: «Раббингиз Одам ўғилларининг белларидан (пушти камарларидан) зурриётларини (руҳларини) чиқариб олиб, уларни ўзларига гувоҳ қилиб туриб: “Мен Раббингиз эмасманми?” (деди). (Улар): “Йўғ-е! (Раббимизсан!) Гувоҳлик бердик”, дедилар», дейилган (Аъроф сураси, 172-оят).
Тоат-ибодатсиз бахт, саодатга эришиб бўлмайди. Одам тўкин яшаши мумкин. Лекин Яратганга қуллик, бандалик қилинмагач, барибир кемтиклик кузатилаверади. Нафсий истаклар қондирилиши мумкин, лекин руҳият қашшоқ бўлади. Яшашнинг, тирикликнинг талаби ҳам шу. Усиз киши саодатманд бўла олмайди. Аллоҳ таоло Ер юзида Одамни яратганда фаришта Иблис Одамга сажда қилмаслигини маълумлаб, бу жонзот охирида ўз Яратувчисини ҳам тан олмай қўйиши мумкинлигини таъкидлаган эди. Унинг шу даъвосига қарши Буюк Яратувчи Одамни тафаккур ва солиҳ амаллар билан музайян қилди ва шу орқали шайтоннинг даъвосини рад этди (афсуски, ўзи сезмай бу йўлга тушиб қоладиганлар учрайди). Жумладан, шайтондан қайтариш – намоз билан. Намоз орқали Одам ҳар суткада беш бора ўзининг Яратувчисига содиқлигини амалда исботлайди, билиб-билмай қилган гуноҳлари учун истиғфор айтади, яна покланиб, ҳаётий амалларда давом этади. Инсон тириклигининг маънавий моҳияти шунда!
Одмигина хонада жойнамоз устида бир зот вужуди симобдай титраб, намозни адо этяпти. Унинг атрофида фаришталар парвона. Гўё шу нуқта орқали ер билан само туташган. Покланган вужуд ва тоза қалбдан Яратганга илтижо, У Зотга тасбеҳ, азон янграмоқда. Турфа эврилишлар гирдобида сайр этаётган оламда шундай жойдан табаррукроқ бошқа маскан бормикин? Жойнамоз устида ўтирган бандадан улуғроқ, кучлироқ, покдомонроқ жонзот бормикин? Намознинг мартабаси, шарофати шунда.
…Мен учун бу йўл жуда узоқ кечди. Бу ҳолни сўз билан шарҳлашга ожизман. Балки раҳматли отамнинг тонгдаги тиловатлари ўз ҳузурини бошқа бир шундай амалга бўшатишни хоҳламагандир. Аниғи – шу гўзал амалга йўлловчи муҳит ҳам, аниқ бир зот ҳам дуч келмаганди. Ростдан, намоз мукаммал амал, уни қойим қилиб уддалаш унга интилишдан қийин. Таҳоратнинг ўзида қанча ботиний маъно ва ташқи нафислик бор. Бир марта заруратдан таҳорат олишимга тўғри келган. Қишлоқда ғалвали кунлар, чўлга кўчиш ташвишлари. Шу кунларда холам қазо қилди. Марҳумани қабрга қўйишда муаммо юзага чиқди. Ўғил армияда, бошқа эсли-ҳушли маҳрам киши йўқ (аёл киши учун бу муҳим экан). Танлов менга тўхтади, марҳумага энг яқин одам мен эканман. Оқсоқоллар мулоҳаза қилишди: намоз ўқийдими, ёшлик қилмайдими (ўшанда 23 ёшда эдим), қабрдан қўрқмайдими?
Холамни яхши кўрардим, охирги хизматига ўзимни чоғладим. Қишлоқ мулласи ёнига чақириб, таҳорат олишни тушунтирди (бундай амаллар турмуш тарзимизга сингиб кетган эди, аммо шўровий тарбия кўрган биз зиёлилар – ўшанда қишлоқ мактабида ўқитувчи эдим – уларга душман кўзи билан қарардик). Шунда отамнинг намозларини эслаб (унда раҳматли бўлган эди), ўзимда бир виқор сезиб, мулланинг айтганларини бажардим, таҳорат олдим. Қабрга марҳумани ўринлаштириб, кафаннинг тугунини ечишим, юзини қиблага тўғрилаб қўйишим керак эди. Бир истисно ҳол рўй берди: ҳарасон билан қабр тепасида турганларнинг айтганларини бажарардим. Юзни қиблага ўнглаш чоғида қўлим муздек нарсага тегди. Вужудим титради-ю, ўзимни қўлга олдим. Марҳуманинг боши ювилган, саратон куни, ҳўл соч кафтимга совуқ текканди. Шунда аждодларимиз руҳиятига сингиган амаллардан куч олиб, айтилганларни бажардим, чўчимадим. Дадиллигимни покланганимдан, таҳоратимдан, деб билдим…
(Давоми бор.)
Ҳаким САТТОРИЙ, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 2-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws