Ҳавойи нафс йўлдан оздирар
Атрофга назар солсак, дабдабали тўй қилиш, қимматбаҳо машинали бўлиш, ҳашаматли уй қуриш, сўнгги русумдаги телефон сотиб олиш кабилар кўпчиликнинг ҳаётий шиорига айланган. Фақат дабдабаю асъасамиз билан одамларни қойил қолдирсак бўлди, бошқаси билан ишимиз йўқ.
Тафаккур қилайлик, ҳою ҳавас бизга нима беради? Одмироқ кийимни қўйиб, қимматини эгнимизга илсак, фазилатли бўлиб қоламизми ёки ақлимизга ақл қўшиладими? Уйимизни ҳашаматли қилишга уринамиз. У бизни ғам-ташвишдан тўса оладими? Дабдабали тўй қилишни ўйлаймиз. Бу ёшларнинг тақдирига заррача таъсир қиладими? Албатта, йўқ.
Ҳаётингиз учун қулайлик яратиш йўлларини изланг, аммо ҳою ҳаваснинг изидан қувманг. Ундан кўра маблағингизни фойдали ишларга сарфланг. Инсоннинг қиймати молу дунё, ҳашамат эмас, балки яхши хулқи, манфаатли илми, хайрли амаллари билан ўлчанади.
Албатта, ҳою ҳавас нафсга қул бўлиш демакдир. Нафс тузоғига илинган киши учун унинг истакларини қондириш олий мақсадга айланади.
Қуръони каримда бундай дейилади: «(Эй Муҳаммад!) Ҳавойи нафсини ўзига “илоҳ” қилиб олган ва Аллоҳ уни (азалдан гумроҳ бўлишини) билган ҳолда адаштириб, қулоқ ва қалбини муҳрлаб, кўзига парда тортиб қўйган кимсани кўрдингизми?» (Жосия сураси, 23-оят).
Бу оят ҳою ҳавас оддий заифлик эмас, балки инсоннинг нафсини “илоҳ” даражасига кўтариб қўйиши эканини очиқ кўрсатади. Бундай ҳолатда инсон Аллоҳнинг амрларига эмас, нафс хоҳиш-истакларига бўйсуниб яшайди. Шу боис Қуръонда бундан огоҳлантирилади: «Бас, сен одамлар ўртасида ҳаққоний ҳукм чиқар, (нафсу) ҳавога эргашиб кетма! Акс ҳолда, у сени Аллоҳнинг йўлидан оздирур» (Сод сураси, 26-оят).
Ҳою ҳавасга берилган инсон, энг аввало, ўз умридан баракани йўқотади. Яъни унинг вақти нафсини қондиришга, фойдасиз машғулотлар ва беҳуда орзуларга сарфланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда огоҳлантирганлар: “Қиёмат кунида банданинг қадами то тўрт нарсадан сўралмагунича жойидан жилмайди: умрини қандай ўтказгани, ёшлигини нимага сарфлагани, молини қаердан топиб, қаерга сарфлагани, илмига қай даражада амал қилгани” (Имом Термизий ривояти).
Иккинчидан, бундай киши оилага кам эътибор қаратади. Бу эса эр ва хотин, ота ва фарзандлар ўртасида меҳр-оқибатнинг сусайишига олиб келади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз – аҳли оиласига энг яхши бўлганларингиздир” деганлар (Имом Термизий ривояти).
Ҳою ҳавас нафақат шахс ва оилага, балки жамиятга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менинг умматимдан бир қавмлар чиқадики, ҳавойи нафс уларга худди қутуриш касали ҳеч бир томирни қўймай киргандек киради”,деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Ҳою ҳавас қалбни қотиради, охиратни унуттиради ва гуноҳни чиройли қилиб кўрсатади. Шу боис уламолар уни “ақлнинг душмани” деб атаганлар.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Аммо, кимки Парвардигорининг (ҳузурида) туриши (ва ҳисобот бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳаволанишдан қайтарган бўлса, бас, фақат жаннатгина (унга) макон бўлур» (Нозиот сураси, 40-41-оятлар).
Ояти каримада охират ҳисоб-китобидан қўрқиб, ҳавойи истаклардан тийилган банда жаннат билан мукофотланиши айтиляпти. Демак, Аллоҳнинг амрини эсдан чиқармай, нафсига эгалик қила олиш улуғ амал ҳисобланади.
Бир сўз билан айтганда, ҳою ҳавас инсонни аста-секинлик билан заволга етаклайди. У умрдан баракани, оиладан тинчликни, қалбдан хотиржамликни олиб қўяди.Ушбу банданинг охиратдаги аҳволи эса ниҳоятда ачинарли бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни бундай бахтсизликдан асрасин.
Тўлқин ШЕРНАЕВ
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 56-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws