Туҳматчининг гувоҳлиги қабул қилинмайди
Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Ҳар ким бирор хатолик ёки гуноҳ ишга қўл урсаю сўнгра унда бегуноҳ одамни айбласа, албатта, бўҳтон ва аниқ гуноҳни (бўйнида) кўтарган бўлур” (Нисо сураси, 112-оят).
Бу оят қозиларга, уламоларга ҳар доим холислик ва ҳақиқатдан оғмаслик кераклигини англатади. Бу ҳақда қуйидаги воқеа ривоят қилинади: «Мадинада бир мусулмон бошқа бир мусулмоннинг зирҳини ўғирлаб, уни бир яҳудийнинг дўконига омонат қўйди. Зирҳ сўралганда, у айнан ўша яҳудийнинг дўконидан топилди. Яҳудийдан сўрашган эди, у: “Фалончи буни менга омонат берди”, деди. У одам эса: “Унга омонат бермадим, у менга туҳмат қилмоқчи,” деди. Шунда ушбу оят нозил бўлди, яҳудийга ҳақсизлик, туҳмат бўлаётгани фош этилди».
Инсон қайси динда бўлишидан қатъи назар, ҳатто умуман ҳеч бир динга мансуб бўлмаса ҳам, ҳақиқат ва адолат ишида Қуръонга мурожаат қилишдан ва Унинг ҳукмига амал қилишдан қўрқмайди. Чунки Қуръони карим адолат билан ҳукм этади.
«Албатта, (бу) бўҳтонни (вужудга) келтирган кимсалар ўзларингиздан бўлмиш бир тўда кимсалардир. Уни (бўҳтонни) сизлар ўзларингиз учун ёмонлик деб ўйламангиз, балки у сизлар учун яхшидир. Улардан (бўҳтончилардан) ҳар бир киши учун ўзи орттирган гуноҳ (жазоси) бордир. Уларнинг орасидаги (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимса (Абдуллоҳ ибн Убай) учун эса улкан жазо (жаҳаннам) бордир. (Эй мўминлар!) Сизлар (бу бўҳтонни) эшитган пайтингизда мўмин ва мўминалар ўзлари (бир-бирлари) ҳақида яхшиликни гумон қилиб: “Бу аниқ бўҳтонку!” – десалар бўлмасмиди?! » (Нур сураси, 11–13-оятлар).
Мазкур оятнинг нозил бўлиш сабаби бундай: “Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом қўшин билан ғазотдан Мадинага қайтаётганларида бир жойда дам оладилар. Шу пайт Ойша онамиз ҳожат учун бир чеккароққа чиқади. Қайтиб келгунича карвон қўзғалиб кетади. Сафвон исмли бир саҳобий орқада қолган нарсаларни йиғиб келаётиб, Ойша розияллоҳу анҳо онамизни кўриб қолади ва туяга миндириб, карвон ортидан етиб боради. Буни кўрган баъзи мунофиқлар турли миш-мишларни тарқатиб, Ойша розияллоҳу анҳони бадном қилмоқчи бўлишади. Бу қуруқ туҳматдан ҳатто Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам шубҳага тушиб қоладилар. Бир ой мобайнида Ойша розияллоҳу анҳо билан гаплашмайдилар. Сўнгра Ойша онамизнинг пок экани тўғрисида мазкур оятлар нозил бўлади”.
Исломда энг оғир жазо иффатли аёлга зино қилган деб туҳмат қилган кишига берилади. Зинода айблаган одам тўрт нафар гувоҳ келтириши шарт қилинган. Агар тўрт гувоҳ келтиролмаса, унга саксон дарра урилади ва жамоат олдида шаъни топталади, жамиятдаги баъзи ҳуқуқлардан маҳрум қилинади: “Иффатли аёлларни (зинокор деб) ҳақоратлаган, сўнгра (бу даъволарига) тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсаларни саксон даррадан урингиз ва абадулабад уларнинг гувоҳликларини қабул қилмангиз! Ана ўшалар фосиқ кишилардир” (Нур сураси, 4-оят).
Бу оятга кўра, бир инсондан гувоҳликнинг олиб қўйилиши – унинг фуқаролик ҳуқуқларидан маҳрум бўлиши демакдир. Фуқаролик ҳуқуқлари гувоҳлик бера олишдан бошланади ва давлатда энг юқори мансабгача тақиқланади.
Имом Мотуридийга кўра, тўрт гувоҳ ҳар хил вақтда эмас, бир вақтда бирга келиб, зинони биргаликда кўрган бўлиши лозим. Акс ҳолда, жазога тортилади.
Туҳмат қилган одамлар жазога тортилгач, уларнинг тавбаси қабул қилинадими, йўқми – бу бироз ихтилофли масала.
Бироқ туҳмат қилгани сабабли фосиқ бўлиб қолганликлари инобатга олинса, унинг фосиқлик дан қилган тавбалари қабул қилинади. Аммо туҳмати учун тавба қилиш ҳақида сўз бормайди. Чунки фосиқликдан тавба қилиш у билан Аллоҳ нинг ўртасидаги масала. Туҳмати учун тавбаси қабул қилинмаслиги эса унинг гувоҳлиги қабул қилинмаслиги ва фуқаролик ҳуқуқлари қайта рилмаслигини англатади. Бу оятдаги барча му нозара зинода туҳмат қилганнинг ҳолатига те гишли. Тўрт гувоҳ бўлмаса, зино исбот бўлмайди. Агар тўрт гувоҳ зинони исбот қилса, у ҳолда зино қилган киши зино жазоси билан жазоланади. Оятда аёлга зинокор деб туҳмат қилиниш айтилмаган бўлса-да, эркак кишига ҳам зинокор деб туҳмат қилинсаю у ўз исботини топмаса, туҳматчига ҳам мазкур жазо берилади.
Шундай экан, катта гуноҳлардан бири – туҳматдан йироқ бўлайлик. Айниқса, мўмина, муслима аёл-қизларимизнинг шаъни, қадр-қиммати тўғрисида билиб-билмасдан ҳар хил гапларни тарқатиш, туҳмат қилиш оғир гуноҳдир.
“Имом Мотуридийнинг тафаккур олами” китобидан.
Нашрга тайёрловчилар: Музаффар КОМИЛОВ, Абдумурод ТИЛАВОВ
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 2-сонидан