Ижтимоий барқарорлик асослари
Замонавий барқарор жамият деганда тинчлик, адолат, ўзаро ҳурмат, қонун устуворлиги ва маънавий камолотга асосланган ижтимоий муҳит тушунилади. Ислом таълимоти эса айнан шу қадриятларни илгари сурадиган мукаммал диний-маънавий тизимдир.
Наҳл сурасининг 90-оятида бундай дейилган: «Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошларга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради».
Бу оят жамият барқарорлигининг асосий олти устуни – адолат, яхшилик ва ижтимоий масъулиятни сақлаш, ахлоқсизлик, жиноятчилик ва зўравонликдан тийилиш эканини баён қилади. Бошқа оятда: «Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”- ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг», дейилади (Оли Имрон сураси, 103-оят). Ушбу оят ихтилоф ва парокандалик жамият барқарорлигига таҳдид, бирлик эса тараққиёт гарови эканини таъкидлайди. Муборак ҳадиси шарифларда ҳам жамият барқарорлигига катта эътибор қаратилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан ҳар бирингиз масъулсиз ва ҳар бирингиз ўз масъулиятингиз ҳақида сўраласиз”, деб марҳамат қилганлар (Муттафақун алайҳ).
Бу ҳадис жамият барқарорлиги ҳар бир кишининг шахсий масъулияти билан боғлиқлигини кўрсатади. Яна бир ҳадисда: “Мўминлар бир танадекдирлар. Унинг бир аъзоси оғриса, бутун тана безовта бўлади”, дейилади (Имом Муслим ривояти).
Бу таълимот ижтимоий ҳамжиҳатлик ва ўзаро ёрдам замонавий жамият учун ҳам ниҳоятда зарурлигини англатади. Ислом оламининг буюк алломалари жамият барқарорлигини маънавият, илм ва маърифат билан боғлаганлар.
Имом Мотуридий ижтимоий адолат ўрнатишда ақл ва нақл уйғунлигини асосий тамойил сифатида кўрсатиб, мутаассиблик барқарорликка хавф солишини таъкидлаган. Бу фикр Исломда адолат тушунчаси диний чегаралардан ҳам кенгроқ ижтимоий қиймат эканини кўрсатади.
Амир Темур даврида “Куч – адолатда” деган тамойил давлат барқарорлигининг асоси сифатида қабул қилинган. Бу тамойил Ислом таълимотидаги адолат ғояси билан уйғундир.
Тараққиётимизнинг янги даврида Ўзбекистонда виждон эркинлиги таъминланиб, Исломнинг маърифий, тинчликпарвар моҳиятини тиклашга алоҳида эътибор қаратилди. Имом Бухорий, ИмомТермизий, Баҳоуддин Нақшбанд меросининг ўрганилиши жамият маънавий барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Илм-маърифат барқарорликнинг асосий устунларидан бўлиб, динимизда ибодат даражасига кўтарилган. Чунки жаҳолат – ихтилоф, таассуб ва зўравонликнинг асосий манбаи.
Қуръони каримда: «Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўларми?”» дейилган (Зумар сураси, 9-оят).
Имом Ибн Можа келтирган ривоятда Набий алайҳиссалом: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон учун фарздир” деб, илмли жамиятгина барқарор ва тараққий этган жамият бўлишини таъкидлаганлар. Янги Ўзбекистонда диний-маърифий таълим тизимининг қайта тикланиши – Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказларининг ташкил этилиши – жамият барқарорлигига хизмат қилмоқда. Бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат – ижтимоий тотувлик асоси. Исломда бошқа дин ва миллат вакилларига нисбатан адолат ва ҳурмат сақлаш қатъий талаб этилади.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак ва бир аёлдан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни турли-туман халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик» (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Бу оят миллатлараро ва динлараро тотувлик исломий асосга эга эканини кўрсатади. Ўзбекистонда турли динлар ва конфессиялар вакилларининг тинч-тотув яшаб келаётгани ҳам бунга яққол мисолдир.
Замонавий жамият барқарорлиги ёш авлоднинг онги, дунёқараши ва маънавий иммунитетига ҳам боғлиқ. Ҳадиси шарифда: “Икки неъмат борки, кўп одамлар унинг қадрига етмайди: саломатлик ва бўш вақт”, дейилган (Имом Бухорий ривояти). Оила мустаҳкам бўлса, жамият ҳам барқарор бўлади. Қуръонда: «У сизларга ўзингиздан жуфтлар яратиб, ораларингизда меҳр ва муҳаббат пайдо қилиб қўйди», дейилган (Рум сураси, 21-оят).
Ўзбекистонда оилавий қадриятларни асраш, никоҳнинг муқаддаслигига эътибор – исломий ва миллий анъаналар уйғунлигининг намунасидир. Ислом таълимоти замонавий жамият барқарорлигини таъминлашда фақат назарий эмас, балки амалий механизмларни ҳам тақдим этади. Илм, адолат, бағрикенглик, ёшлар тарбияси, оила мустаҳкамлиги ва маърифий ёндашув – буларнинг барчаси исломий қадриятлар билан чамбарчас боғлиқ.
Шу боис, Исломни тўғри англаш, унинг инсонпарвар моҳиятини кенг тарғиб этиш ва замонавий ҳаёт билан уйғун татбиқ қилиш – барқарор жамият қуришнинг муҳим шартларидандир.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 6-сонидан