Дабдала қиладиган дабдабалар
Охирги пайтларда баъзи ёшлар тўй масаласида ота-онаси билан баҳслашаётгани ҳақида эшитиб қоляпмиз. Оила бошлиқлари дабдабали тўй қилишни исташса, бўлажак келин-куёвлар аксинча, тадбирни камтарона ўтказишни хоҳлашмоқда. Улар ҳашаматли тўйга харж бўладиган маблағни янги уйга тўлов қилиш, машина олиш, бирор тадбиркорликни бошлаш учун сарф қилишни маъқул кўришмоқда.
Бухоролик заргар Дилшодбек Одилов бошидан кечирганлари ҳақида бундай дейди: «Биз бўлажак аёлим билан ортиқча харажатларсиз тўй қилиб, никоҳдан кейин умра сафарига боришни ёки уйимизга у-бу олишни ният қилдик. Бошида оиламиздагилар ҳам фикримизга қўшилиб, фотиҳа тўйини кичикроқ ўтказишди. Аммо катта тўй олдидан бўлғуси қайнонам ғалва кўтарди. Эл-юрт, таниш-билишнинг тўйини “еганини”, тўёнага берган қимматбаҳо совғалари қайтиши кераклигини, қизи қимматбаҳо оқ либос киймаса, бахти қаро бўлишини айтиб, ҳашаматли ресторанда тўй бўлмаса, фотиҳа бекор қилинажагини айтди. Мен ҳам, қизи ҳам онасининг фикрини ўзгартиришга уриндик. Гапларимиз зое кетди. Охири катта тўй қилиб бор-будимизни сарфладик. Афсус, орзуларимиз тўйдаги дабдабани деб саробга айланди».
Олий ўқув юрти талабаси Шаҳноза Аҳмедова: «Бир йил олдин акамни унаштирдик. Ўша кундан буён уйимизда фақат тўй ҳақида гаплашилади: қайси ресторанда ўтказиш, қандай совға-саломлар олиш, неча кишини таклиф қилиш каби. Фотиҳа тўйида оиламиз катта харажат қилгани учун ўқишимнинг шартнома пулини талаба кредити олиб тўладик. Яқинда катта тўй. Ота-онам, акамнинг топгани шу тантана учун йиғилмоқда. Онамнинг икки йилдан бери оёқлари оғрийди. Гоҳида умуман юролмай қолади. Шифокорлар зудлик билан даволаниши керак дейишди. Оғриқ қолдирувчи дорилар ичиб, шифохонага ётишдан бош тортяпти. “Маҳалла-кўй, қудалар олдида юзимиз ёруғ бўлсин. Бир марта келин тушириб, обрўйимиз тушмаслиги керак”, деган гапни айтади. Шу ҳолида тез-тез бозорга қатнаб сарпо йиғади. Икки ҳайитда қуда томонга ўзимиз емаган тоғора-тоғора тансиқ таомлар, ширинлик-ҳолвалар юбордик. Буларни кўриб, наҳот шу ғам-ташвишнинг бари бир кунлик тўй учун бўлса, деб ўйланиб қоламан…»
Таҳририятга келган мактубда бир аёл кредит пулига уй таъмирлатиб, келин туширгани ва орадан икки ой ўтиб келин уйига кетиб қолгани ҳақида алам билан ёзибди. Бунинг устига кредит тўлаш оғир келиб, икки нафар ўғли қўшимча дарсларга бормаётгани, қандли диабет билан оғрийдиган эри ишдан кейин ярим тунгача киракашлик қилишга мажбур бўлаётганини ҳам айтибди.
Афсуски, дабдабали тўй, ортиқча урф-одатлар, кераксиз ашёлару сарполарни деб қарзга ботиб, оғир аҳволда қолган юртдошларимиз кўп. Қанийди тўйнинг ўзи билан иш битса. Ортидан “келин салом”, “қовурдоқ”, “чарлари”, “ҳайитлик”лар давом этади. Вилоятларга қараб урфлар ҳам турфа хил. Ҳаммаси исрофгарчилик, кимузарлик ва ортиқча харажатлардан иборат. Камхарж тўй қилиб, элга намуна бўлаётган инсонлар жуда озчилик.
Ўзига тўқ хонадон эгаси Зулхумор Салимова: “Данғиллама тўй қилишга бизнинг ҳам, қудамизнинг ҳам қурби етарди. Аммо тўй бошлаш олдидан турмуш ўртоғим ихчам тўй қиламиз деб туриб олди. Ўғлим ҳам, қудалар ҳам рози бўлишди. Сўнгра тўйгача бўладиган ва ундан кейин қилинадиган барча удуму кераксиз сарполардан воз кечдик. Уларнинг ўрнига келин-куёвнинг рўзғорига керакли буюмларни олиб бердик. Наҳор ошига эркакларга 200 кишини таклиф қилдик. Кечга кичикроқ аёллар базми бўлди. Шу билан тўй ўтди. Бу келишувдан ҳеч ким хафа бўлмади. Аксинча, маҳалла-кўй, таниш-билишлар ҳавас қилди”.
Бугун тўй қилиш ҳақида ҳар ким ҳар хил фикрда. Аммо аҳоли орасида уни камхарж қилиб ўтказиш истагида бўлаётганлар ҳам борлиги ва айниқса, ёшларнинг қарашлари ўзгараётгани кишига умид беради. Асрлар оша ўтиб келаётган иллатлардан халос бўлиш вақти келгандир балки?
Нафиса ПАРДАЕВА
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 3-сонидан