Келинларим дугоналарим…
90 ёшни қаршилаган Зуҳра буви Худоёрова билан суҳбатлашиш, маслаҳат олиш ва ҳол сўраш учун тез-тез унинг ҳузурига борамиз. Бугун ҳам тўй тадоригини бошлаб юборган Зуҳра буви яқинда чевара келинли бўлади.
Бу аёл билан ҳол-аҳвол сўрашар эканмиз, набира келини дастурхон ёза бошлади. “Она қизим, қайнонажонингиз қани? Чақиринг, меҳмон келди, денг”, деди Зуҳра буви. Сўнг: “Бу набира келиним жуда оқила, зукко, пазанда-да, – дея мақтаб кетди ва сўзини давом эттириб, – тўрт фарзанди бор, тўнғичи ўқишни битириб, ишга кирди. Яқинда тўй. Насиб бўлса, тез кунда чевара келин дугона бўлиб келади”, деди.
Одатда қайноналар “келин”, “қизим” дея мурожаат қилишади. Зуҳра буви эса “дугона” деб чақиради. Бунинг сабабини сўрасак, у: “Авваллари келиним билан ҳам, набира келиним билан ҳам юмушларни биргаликда, дугоналардай қилардим, ҳозир қўйишмайди, шунда ҳам ҳаракат қиламан. Уйимдаги ишларни, муаммоларни ҳам мен билан маслаҳатлашишларини, сирлашиб, дўст тутинишларини истайман. Шунга бўлса керак, уларни “дугона” деб чақираман”, деди.
Ҳа, бу сабоқ бўларли воқеа. Эҳтимол, айрим қайноналарга ўхшаб “Келин олдим, етти қават кўрпачада ўтираман”, деб эмас, “Менга дўст-дугона келди”, дея биргаликда ҳам аҳиллик, ҳам саломатлик учун ҳаракат қилаётган Зуҳра хола шу ёшда ҳам навқирон кўринади. Ахир, айтишади-ку, саломатликда ҳаракат қилишнинг, ҳаловатнинг ўрни катта деб.
Шу орада Тўхтабону опа ҳам кириб келди. Биз билан сўрашар экан, у: “Ошхона юмушлари билан келганларингизни билмай қолибман, хуш келибсизлар! Онажон, дуо қилинг”, деди.
Уларга қараб туриб бу хонадонда меҳр ва муҳаббат, ўзаро ҳурмат устун эканига амин бўлдик. Баъзан маҳаллаларга келинга зулм қилган қайнона, ёши улуғ инсонларга ҳурматсизлик қилган келинларни муросага келтириш учун борамиз. Арзимаган муаммо, бир-бирини тушуниш билан ҳал бўладиган масаланинг оқибати ажрим бўлганида хафа бўламиз. Жабрини эса отасиз ёки онасиз ўсаётган болалар кўради. Шундай вақтларда аёлнинг ақл билан иш тутиши муҳимлиги яққол сезилиб туради. Зуҳра буви бошчилигидаги бу уйда келинлар аҳил яшашмоқда.
Тўхтабону опа 66 ёшда бўлиб, узоқ йиллар хизмат қилиб қайнонасидан дуо олган. Зуҳра буви ҳам “Ўзингизга ўхшаган меҳрибон келин олинг, болам”, деган экан. Ҳар икки аёл ҳам ширинсўз, дуогўй. Уларнинг аҳиллиги – оила эркакларининг ҳам ҳаловати. Қайнона буви келинининг эрини ҳурмат қилишини, оиладаги сирни кўчага чиқармаслигини, келинларига ўта меҳрибонлигини гапириб берди.
Ҳозир кўплаб аёлларнинг муаммоси – тили узунлигидан. Қарғаниши, ҳақорат қилишини эшитиб, уялиб кетамиз. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин”, дедилар (Имом Муслим ривояти). Афсус, ҳатто фарзанди ва набираларини қарғайдиган аёллар ҳам йўқ эмас. Уларга тили дуо ва зикрда бўлган Зуҳра буви ва уларнинг келинлари ўрнак бўларли. Буви келинларининг аҳиллиги ҳақида гапирар экан, “Болам, яхши сўз ҳам, ёмон сўз ҳам бир оғиздан чиқади. Ҳурмат талаб қилиб олинмайди. Ширин сўз ва гўзал хулқ билан кўрсатилади. Меҳрнинг жавоби – меҳр”, дейди.
Суҳбатимиз давом этар экан, ундан: “Ҳаммаларингиз бир ҳовлида яшайсизларми?” деб сўрадим. Бунга жавобан онахон: “Раҳматли турмуш ўртоғим билан шу ҳовлида аҳил-иноқ яшадик. Қўлдан келгунча уйимизни обод қилдик. Ҳа, ҳаммамиз биргаликда яшаймиз, ўчоғимиз бир. Кўпнинг қўли теккан таом мазали ва баракали бўлади. Ҳовлининг бир бурчагига чевараларимга ҳам уй солиб қўйдик. Янги келин кенг уйимизнинг эркаси бўлиб юради. Шу кунларни кўрсатган Аллоҳга шукр”, деди. «Бир жамоа одамлар: “Эй Аллоҳнинг Расули, биз еймиз, лекин тўймаймиз”, дейишди. “Эҳтимол, тарқоқдирсизлар?” дедилар у зот. “Ҳа”, дейишди.“Таомингизга тўпланинглар ва Аллоҳнинг исмини зикр қилинглар. (Шунда) сизларга унда барака берилур”, дедилар» (Имом Абу Довуд ривояти).
Бир оилани биламан, ўғилларининг қозони алоҳида. Келинлар қайнона-қайнотага навбатма-навбат таом беради. Баъзан кексалар таомсиз ҳам қолиб кетади, қўшнилар ҳолидан хабар олади. Ёшлар билан гаплашдик, уларга бу иши хатолигини, ўзлари ҳам кексайишларини тушунтирдик. Бу оилада икки келин чиқишмай, жанжаллашиши оқибатида вазият шундай бўлиб қолган. Маҳалла билан маслаҳатлашиб, бирининг рўзғорини бўлак қилдик. Шундан сўнг уйда қолган келин кексаларга қарай бошлади. Ёшларнинг ўзаро жанжали ёши катталарга зарар бўлади. Шунингдек, ака-ука ўртасидаги оқибатни ушлашда келинларнинг аҳиллиги жуда муҳим. Шу воқеани эслар эканман, Зуҳра буви хонадонидаги аёлларга раҳмат айтгим келди.
Қани эди, барча оилалар шундай бўлса! Ажримлар бўлмасди, тирик етимларнинг кўз ёши тўкилмасди. Аллоҳ барчамизни ислоҳ қилсин!
Мавжуда ЭШҚУВВАТОВА,
Нарпай тумани (С.Назарова уюштирди).
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 3-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws