Йўл – синов майдони
Бугунги жамиятда йўллар шунчаки ҳаракатланиш воситаси эмас, балки ҳайдовчи ва йўловчиларнинг маданиятини, тарбиясини намоён этувчи кўзгу ҳамдир. Шу жиҳатдан бугун йўлларда содир бўлаётган тартибсизликлар, қўполлик ва бепарволиклар унда ҳаракатланаётган иштирокчиларнинг одоб-ахлоқи ҳаминқадар эканидан далолат беради.
Ислом дини инсон ҳаётининг ҳар бир жиҳатини тартибга солгани ҳолда, йўлда юриш маданияти ҳақида ҳам таълим берган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўлда ўтиришдан сақланинглар”, деганлар. Саҳобалар заруратни айтганларида эса: “Унда йўлнинг ҳақини адо этинглар”, деганлар (Имом Бухорий ривояти). Йўлнинг ҳақи эса – зарар бермаслик, саломга алик олиш ва ёмонликдан қайтаришдир.
Бугун эса йўлларимиз – сабр ва ҳурмат-эҳтиром эмас, балки асабийлик, шошқалоқлик ва худбинлик майдонига айланган. Кимдир йўл чироқларига амал қилмайди, кимдир пиёдани одам ўрнида кўрмайди, яна кимдир “шошиляпман” деган баҳона билан бошқаларнинг ҳаётини хавф остига қўяди.
Жамоат транспорти эса сабрингизни синайди. Чунки айримлар автобус ёки маршруткага чиққан заҳоти телефонда эзмаланиб гаплашишни бошлайди. Баланд овозда шахсий муаммоларини муҳокама қилади, уни ўзгаларга ёяди, бошқаларнинг тинчини бузади. Баъзи ёшлар эса катталарга жой бериш ўрнига ўзини ухлаганга солиб олади. Яна кимдир йўл ҳақини тўламай тушиб қолади.
Айрим жамоат транспорти ҳайдовчиларининг қилиқларини ҳам оқлаб бўлмайди. Аввало, у йўловчиларни эсон-омон манзилига элтиб қўйишга масъул. Аммо айрим ҳайдовчилар буни унутиб қўяди. Тезликни ошириш, йўловчига бақириб-чақириш, бекатда тўхтамаслик – булар етмагандек, телефонда тинимсиз гаплашиши ортиқча. Ҳар замонда нос чекиши, тамаки тутатиши янада хунобингни оширади.
Йўлда диққатсиз бўлиш эса нафақат қоидабузарлик, балки йўловчиларга хиёнат ҳамдир. Чунки бир лаҳзалик эътиборсизлик – бир умрлик пушаймонликка сабаб бўлиши мумкин. Исломда ўзи ва ўзгалар жонига зиён етказиш энг катта гуноҳлардан саналади. Аммо тезликни ошириб ёки телефонга қараб машина ҳайдаш, маст ҳолда рулга ўтириш ёхуд техник носоз транспорт билан йўлга чиқиш – буларнинг барчаси қотилликка элтувчи билвосита омиллардир. “Кўза кунда эмас, кунида синади” деганларидек, бу жиҳатларга эътиборсизлик ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.
Кўпинча йўл маданияти ҳақида гап кетганда айбни ҳайдовчиларга ёки ЙПХ ходимларига юклаймиз. Лекин пиёдалар-чи? Белгиланмаган жойдан йўлни кесиб ўтиш, қизил чироқда югуриш, қулоқчин тақиб бепарво юриш – булар ҳам ўз жонига беписандлик эмасми? Ислом эса: “Ўз қўлларингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламанг” (Бақара сураси, 195-оят), деб огоҳлантиради.
Демак, йўлда ҳушёр бўлиш бир томоннинг вазифаси эмас – ҳар бир мусулмоннинг бурчи. Агар биз йўлда тартибни, одобни унутсак, муаммо ўзимизда. Чунки ҳақиқий мўминлик фақат ибодатда эмас, балки хулқда, жамоат жойларида ўзини қандай тутишида намоён бўлади. Кўпинча жамиятдаги айрим иллатлардан озор чексак, уларни тузатиш учун турли мулоҳазалар билдирамиз. Аммо ҳар қандай ислоҳотни аввало ўзимиздан бошлаш кераклигини англаб етмаймиз.
Жаъфархон СЎФИЕВ,
Тўрақўрғон туманидаги “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 3-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws