Банданинг мартабаси қачон юксалади?
Камтарлик, тавозелик мўмин-мусулмонга хос фазилатдир. Аммо кўпчилик унинг моҳиятини нотўғри тушунади. Яъни, бир чеккада қисиниб-қимтиниб турган, хор-зор, ночору нотавон киши кўз олдиларига келади. Аслида бу хислат такаббурлик, худбинлик, манманликнинг зиддидир. Демак, камтарлик ушбу иллатлардан холи бўлиш, кишилардан ўзини устун қўймаслик, хокисорлик, одобли бўлишни англатади.
Бир донишманддан: “Тавозенинг боши нимада?” деб сўрашганда, у: “Одамларга биринчи салом беришга ҳаракат қилиш, бирор жойга борса, у ерда унга пастроқдан жой кўрсатилса, ўша ерга рози бўлиб ўтириш ва атрофдаги одамлар уни мақтаб эслашларини ёмон кўришдир”, деб жавоб берибди.
Аллоҳ таоло севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни: «Ва албатта, сиз буюк хулқ узрадирсиз» (Қалам сураси, 4-оят) дея васф қилган.
Ойша розияллоҳу анҳо Набий алайҳиссаломни сифатлаб бундай деган: “Уйда рўзғор ишларига ёрдамлашар, кийимларини кўздан кечирар, қўйларни соғар, либосларига ямоқ солар ва ковушларини бутлар, ўзларига ўзлари хизмат қилар, уйни супирар, туяни тушовлар, сув ташиладиган туяларига емиш берар, хизматкор билан овқатланар, хамир қориб, хизматкор юкини бозордан кўтариб келар эдилар”(Имом Бухорий ривояти). Демак, ҳар бир мўмин-мусулмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тавозеларидан ибрат олишлари зарур.
Луқмони Ҳаким ўз фарзандларига бундай насиҳат қилади: “Эй фарзанд, зинҳор қадрингга етмайдиганларнинг олдига борма. Отаона хизматини қил, тавозели кишини таҳқирлама, кибрга берилма. Аллоҳ таоло Рофиъ ва Ҳофиз (улуғлагувчи ва пасайтирувчи) дир. Зеро, у камтарни азиз, қулни подшоҳ айлайди. Хоҳласа, кибрли кишини хор, бойни эса фақир қилади”.
Такаббурлик ва манманлик Аллоҳ томонидан ато этилган неъматни ўзи яратгандай кўриб, у билан кибру ғурур қилишдан, неъматнинг асл соҳибини танимасликдан келиб чиқади. Камтар инсон эса ҳар бир неъматга шукрона келтиради. Ночор одамга беғараз кўмак беради. Яхшиликлари ҳақида оламга жар солиб, кеккайиш унга бегона. Бундай фазилатли киши ҳамма вақт ва ҳар жойда кераклидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб: “Ким Аллоҳ учун камтарлик қилса, Аллоҳ унинг мартабасини баланд қилиб қўяди”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний: “Агар қалбинг суҳбат истаса, фақирлар, дилшикаста (кўнгли синиқ), аҳлуллоҳлар билан ҳамсуҳбат бўл… Бирор кишига хизмат буюрма. Ўз юкингни ўзинг кўтар. Ўзингни ҳамиша, ҳамма жойда хокисор тут. Ўзингни ҳаммадан паст билки, бу жуда муҳим хислатдир. Аллоҳнинг ҳамма махлуқотлари – каттаю кичикка ҳам марҳамат ва шафқат назари ила қара. Уларни асло ҳақир билма…” дея ёзганлар.
Баҳоуддин Нақшбанд уйига келган меҳмонга ҳам, унинг уловига ҳам ўзи хизмат қилган. “Уйингизда нега қул ёки хизматкор сақламайсиз?” деганларида, ул зот: “Қулга қул сақламоқ жоиз эмас”, дея жавоб беради (яъни, “бизнинг ўзимиз Аллоҳ таолонинг қуллари бўлсак, яна уйда қул сақлаймизми?”).
Демак, шайхлар бировларнинг юкини кўтарганлар, лекин ўзлари ҳеч қачон бировларга юк бўлишмаган.
Дарҳақиқат, тавозели бўлиш нафақат ушбу хулқ соҳибига, балки бутун жамиятга катта манфаат келтиради. Кишилар ўртасида меҳр-оқибатнинг ортишига, инсонларнинг бир-бирларини яхши кўришлари ва улар ўртасидаги илиқ муносабатнинг мустаҳкамланишига сабаб бўлади. Ушбу фазилат эгалари эса икки дунё саодатига эришадилар.
Айбек ЖУЛАУШИЕВ,
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси ўринбосари
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 12-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws