Ота уйдаги хона
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимни ризқи кенг ва умри баракали бўлиши хурсанд қилса, силаи раҳмни боғласин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Шу ҳадисни ўқидиму, хаёлимга укам келди…
Қайнонам: «Сиз оқибатсиз қиз бўлдингиз! Қудаларим “Қизимни юбормаяпти”, деб мендан хафа бўлишади», деса, турмуш ўртоғим: “Онаси, уканг телефон қилиб, мендан келишингга рухсат сўраяпти. Мени хижолатга қўймасдан тез-тез бориб тур-да”, дейди.
Укам уйини таъмирлашни бошлаганида боргандим, уй битиб яқинда эҳсон қилар экан. Бир келинг, деб қўймади. Синглим билан келишиб, бордик. Ўзим ҳам уларни жуда соғинган эканман.
Ота-онам дам олишга кетган. Ота уй ота-онасиз бегонадай бўлади, дейишади. Лекин ўша уйда меҳр уфуриб турганини сезсангиз, қалбан яқинликни ҳис этасиз. Укам қурган уйнинг хоналарини кўриб чиқар эканман, менга ёққан настарин гуллари билан безатилган хонани кўриб кўзим қувнади. “Кимнинг хонаси?” деб сўраганимда укам:
– Опажон, бу сизларнинг хонангиз! Настарин гулини яхши кўрасиз-ку, деразангиз ёнига настарин дарахтини ҳам экиб қўйганман. Меҳмон бўлиб келганингизда шу уйда болаларингиз билан дам оласизлар, деб хонани атай тайёрладим. Шунда тез-тез келиб турасизлар-да, – деди.
Синглим билан бир-биримизга сўзсиз қараб қолдик. Ҳали ҳеч бир уйда узатилган қизга хона қилинганини эслолмайман. Укамдан ҳамиша ҳурмат, меҳр кўрдик. Баъзан мени кўргани тўлиб-тошиб келса, баъзида “Опажон, эҳтиёжингизга ишлатарсиз”, деб пул беради. Биз аёллар ўзимизга қадрли эркаклар орасида отамиз, жуфтимиз ва ўғилларимиздан ташқари, ака-укаларимиздан ҳам меҳр кутамиз. Кичкина эътибор ҳам бу кўнгилларни қувонтиради.
Аллоҳимга мени шундай ука билан сийлагани учун ҳамдлар айтаман. Укамни узундан-узун дуо қиламан.
* * *
Шу учрашувдан ҳеч қанча вақт ўтмай укам қўнғироқ қилди:
– Опажон, мени табрикланг! Ҳозир хориждан қўнғироқ қилишди. Кўплаб давлатлар вакиллари иштирок этган танловда менинг лойиҳамни қабул қилишибди…
Камола АБДУМАЛИК қизи ёзиб олди.
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 6-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws