Иймонли қалб синовларда букилмайди
Жамиятда аёллар ва қизлар орасида руҳият билан боғлиқ турли маслаҳатлар, шиорлар кўпаймоқда. “Сен жуда кучлисан!”, “Сен ҳаммасига қодирсан!” каби иборалар тармоқларда гўёки умид чироғини ёқадигандек!
Аммо булар ортида кўпинча ҳаётий ечим эмас, балки тижорат – маҳсулот сотиш, тренингларни реклама қилиш ёки блоглар аудиториясини кўпайтириш каби шахсий манфаатлар мавжудлиги яққол кўзга ташланади.
Руҳий кўмак – инсон учун муҳим. Аммо руҳий қувват, ички куч бир кунда шаклланмайдиган, баландпарвоз гаплар билан барпо бўлмайдиган нарсадир. Айниқса, аёл киши ҳаётда кўп синалади. Оила, фарзанд тарбияси, илм – буларнинг барчаси сабр ва матонат талаб қилади. Бундай вазиятларда юзаки гаплар эмас, балки Аллоҳга ишонч, илм ва таваккул инсонни етукликка бошлайди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Шарҳ сураси, 6-оят).
Ҳар қандай синовда сабр ва иймон билан турган банда, албатта, Аллоҳнинг ёрдамига эришади. Зеро, иймон қалбга куч беради. Чунки бу билан Яратганнинг қудратига таяниш бор.
Кўплаб аёллар “Мен кучлиманми?” деб ўзларига савол беради. Бунга “Агар сенинг қалбингда Аллоҳ бўлса, кучлисан!” деб жавоб бериш мумкин. Чунки иймонли аёл сабр қила олади, тўғри қарорлар чиқаради, ҳатто кўз ёши билан ҳам Аллоҳнинг розилигини топади. Бу илҳомнинг эмас, иймоннинг матонатидир.
Афсуски, баъзи қизлар ўзининг ҳақиқий салоҳиятини унутиб, ижтимоий тармоқларда кўрган ялтир-юлтир ҳаётлар билан яшамоқчи бўлади. “Тез бойиб кетиш” ҳақидаги сохта шиорларга ишониб, умидсизликка тушади. Бу уларнинг ички ишончини емиради.
Аслида, аёлда умматни тарбиялайдиган куч бор. Бу эса илм ва иймон асосида шаклланади. Дарҳақиқат, аёл сабр-қаноатли, шукр қилувчи, меҳнатсевар бўлса, ютуқ уники! У миллатни тарбиялагани учун ҳам вақтини беҳуда ишларга сарфламаслиги лозим. Кун тартибини тўғри тақсимласа, кўп хайрли ишларга улгуради, айниқса, фарзандлари ҳам онасидан ўрнак олади, интизомли ва масъулиятли бўлиб тарбия топади…
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом марҳамат қилганлар: “Қайси банда ўзини Аллоҳга топширса, У унга кифоядир”. Зеро, инсон қалби доим тўлқинланиб турган сув кабидир. Аллоҳга бўлган қатъий ишонч, дуо, ҳалол меҳнат унга куч бағишлайди.
Бугун тенгдош дугона қизлар унутмасинки, бизни ҳавойи гаплар эмас, илм ва иймон тоблантиради. Чунки иймонли қалб синовларда букилмайди. Ўзининг собитқадамлиги ва кенг дунёқараши билан кўп муваффақиятларга калит бўлади.
Азиза МАҲМУДЖОНОВА,
ЎзЖОКУ талабаси
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 7-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws