Қаноатсиз кимса хор-зор бўлади
Буюк адиб Алишер Навоий асарларида комил инсон ғояси юқори ўринда туради. Комилликнинг биринчи шарти ўлароқ, иймон, эътиқод ва одоб-ахлоқ кўп тарғиб этилган. Жумладан, сабр ва шукр биз мўминалар учун зарур бўлган ҳаё ва хокисорлик туйғусини мақолатлар тарзида баён этган. Навоий “Хамса”сидаги биринчи достон “Ҳайратул аброр” (“Яхши кишиларнинг ҳайратланиши”)да биринчи мақолат иймон шарҳига бағишланади. Зеро, достоннинг бош ғояси комил инсон бўлса, унинг белгиси иймондир:
Кимки жаҳон аҳлида инсон эрур, Билки, нишони анга иймон эрур.
Алишер Навоий: “Кимдаки иймоннинг уч белгиси бўлса, у ҳақиқий инсондир”, дейди ва бу белгилар сифатида сабр, шукр ва ҳаёни тилга олади:
Бас, ани инсон атағил бериё, Ким ишидур сабр ила шукру ҳаё.
Сўнг Шайх Боязид Бистомий ва унинг муриди ҳақидаги ҳикоят келтирилади. Ҳикоятда бир куни Шайх Боязид Бистомийдан ғамгинлик сабабини сўраган муридига шайх бу дунёда ҳақиқий инсонлар камайиб кетганидан хафаман, деб жавоб беради. Шунда муриди шайхни ҳақиқий инсонлар сафида деб ҳисоблашини айтганда шайх ўзини ҳам юз минг сарсон-саргардонлар қаторида санашини, агар бу дунёдан иймон билан кетмас экан, инсон саналмаслигини айтади. Ҳикоятда диний мазмундан ташқари тасаввуфий қарашлар ҳам мавжуд бўлиб, бунда тариқатдаги хавф мақоми ҳақида сўз боради, деб айтиш мумкин.
Нажмиддин Комиловнинг “Тасаввуф” китобида ёзилишича, хавф тариқатнинг 6-мақоми бўлиб, бунда соликнинг нафс макридан қўрқиши, шайтон найрангининг кўнгилга хавф солиши назарда тутилади. Нафс шундай кучли душманки, солик тариқатдаги тавба, вараъ, зуҳд, фақр, сабр каби мақомларни эгаллаган бўлишига қарамай, нафснинг иймонга дахл қилиши мумкинлигидан доим хавфда бўлади.
Қушларнинг ичида анқо шоҳ ҳисобланади. Бунда маълум бир маъно бор. Агар фикр билан воқиф бўлишни истасанг, “қониъ” ва “анқо” сўзларининг ёзилишида ҳарфлар бир-бирига мувофиқдир.
Ёки
Шоҳ бошининг шарафи тож эмас, Англа ани шоҳки, муҳтож эмас. Шоҳ агар ул бўлсаки, муҳтождур, Ҳарф ила муҳтожда ҳам тождур.
Шоҳ бошининг шарофати тождан эмас, кимки муҳтож бўлмаса, ўшани шоҳ деб тушун. Муҳтожни ҳам шоҳ деб аташ мумкин бўлса, ҳарф нуқтаи назаридан “муҳтож” сўзида ҳам “тож” бор-ку!
Мақолатга “Қаноатли ва қаноатсиз икки дўст” ҳақидаги ҳикоят илова тарзида келтирилган. Ҳикоятда келтирилишича, икки дўст Форс мулкидан Чин мамлакати томон йўлга тушади. Бири тақдир берганига қаноатли инсон бўлиб, иккинчиси очкўз, тамагир эди. Йўлда кетаётиб, бир тошга кўзлари тушади. Унинг ярми ер остида бўлиб, ярми ер юзасига чиқиб турарди. Тош устида: “Кимки меҳнат қилиб тошни айлантириб қўйса, остидаги афсонада вайрона тагига бекитиб қўйилган хазина ҳақида ёзилган. Кимки бу машаққат, азоб-уқубатларни хоҳламаса, унинг учун сабру қаноат ҳаммасидан яхшироқдир”, деган ёзув битилган эди.
Очкўз йигит ёзувни ўқигач, хазина илинжида тош остини қазишга тушиб кетади. Қаноатли одам эса бепарво тарзда шаҳар томон йўл олади. Шаҳарга кирадиган бир неча дарвоза бўлиб, у шаҳарга биринчи бўлиб киради. Шаҳар аҳолисининг одатига кўра, мамлакат подшоси қазо қилса, дарвозадан биринчи кирган одамни подшоҳ қилиб кўтаришар экан. Шу тариқа бу дўст ўз қаноати туфайли мамлакатга подшоҳ бўлади.
Унинг тош остини қазиётган дўсти эса оғир меҳнатни бажариб бўлгач, тошни ағдариб қараса, “Хомтама бўлган бу дунёда алам чекади”, деб ёзиб қўйилган экан.
Хулоса шуки, қаноатли инсон ўз сабру қаноати туфайли шоҳ мартабасига эришади, қаноатсиз кимса тама илинжида хору зор бўлади.
Дилнавоз ЮСУПОВА,
филология фанлари доктори, профессор
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 7-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws