Эҳсони кўпнинг душмани кам бўлади
Ҳур кишиларнинг қалблари сирларнинг қабрларидир.
Изоҳ. Аҳрор эркин, озод маъносидаги “ҳур” сўзининг кўплик шаклидир.
Сирларни қалбида сақлайдиган киши чинакам ҳур инсондир. Унинг бутун кучи – уни бўйсундиришнинг иложи йўқлигида. Унинг рўпарасида бошингизни эгиб, жим турасиз. Зеро, сирларга тўла қабр қошида яна бошқа қандай ҳолат бўлиши мумкин?! Сир – қувват манбаи, қувват эса ичкарида бўлади. Сирларни тилида сақлаётган киши қуллик занжирларини бўйнига солишга шайланаётган шўрлик инсондир. У оғзини очиши билан сирлари оёқ остига сочилади ва бирдан ўзини ичидан нураб, қулаши қилдай бир чўпга илиниб турган бинодай ҳис қилади. Бу бесаранжомлик, бу безовталик сирларини ошкор қилиб, сирларининг қулига айланиб қолган кишининг хавотирларидир.
Одамларнинг ёмони узрларни қабул қилмайдиганидир.
Изоҳ. Узрни қабул қилиш раҳмоний, қабул қилмаслик шайтоний феълдир. Аллоҳ таоло марҳамати кенг, ўта мағфиратли Зот эканини Ўзининг Каломида такрор-такрор эслатган:
«(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳмат – марҳама тидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта, Унинг Ўзигина мағфиратли меҳрибондир” (Зумар сураси, 53-оят); “Огоҳ бўлингизким, У қудратли ва бениҳоя мағфиратли Зотдир” (Зумар сураси, 5-оят).
Кечириш, хатоларни беркитиш – яхшилик, узрни қабул қилмаслик, бировнинг ай бини очиш – ёмонликдир. “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас” (Фуссилат сураси, 34-оят), дейилади Қуръони каримда. Шунинг учун ҳам кечириш адоватнинг олдини олса, узр ни қабул қилмаслик адоват уруғини сочади.
Аллоҳ таоло кечиримли инсон қалбини яхшиликлар сари очади, душманлар дўстга айланиб, уни қучаётганини кўрасиз. Тилозор, дилозор бағритошдан эса ҳамма қочади, унинг йўлдан озиб, шайтоннинг васвасасига учаётганини кўрасиз. Кечирим сўраётган инсон қаноти лат еган қушга ўхшайди. У малҳам истаб, остонангизга бош урди. Унинг узрини қабул қилмаслик жароҳатига малҳам бўлиш ўрнига қанотини синдириш билан баробардир.
Кимнинг эҳсони кўп бўлса, душманлари камаяди.
Изоҳ. “Эҳсон” сўзининг луғавий маъноси – “яхшилик қилиш”. Яхшилик ёмонликнинг зидди бўлган сўз ва амалдан иборат барча нарсаларни ўз ичига олувчи тушунча. “Эҳсон” сўзига хосланган “саховат” маъноси ҳам шу тушунчадан ташқари эмас.
Қилинган яхшилик нафақат инсонлар ўртасида меҳр-муҳаббатни пайдо қилади, балки бунда яхшилик қилувчи учун Аллоҳнинг муҳаббатидан ҳам насиба бор: “Яхшилик қилинг! Албатта, Аллоҳ яхшилик қилгувчиларни севади!” (Бақара сураси, 95-оят).
Шу мазмунда ҳадис бор: “Одамлар ичида Аллоҳга энг суюкли инсон одамларга манфаати кўп етадиган инсондир”. Яхшиликнинг ҳамма сири шунда! Холис қилинган яхшилик билан Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўласиз. Бу муҳаббат ичкарини ҳам, ташқарини ҳам зарарлардан тўсади, нафрат ўтини ўчириб, қалбни поклайди, узоқларни яқинга айлантириб, душманни дўст қилади. Айтилишича, учта хислат одамларнинг муҳаббатини пайдо этади: камтарлик, ҳадя улашиш ва тинглаш.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоу анҳу Набий алайҳисса ломнинг бундай деганларини айтади: “Аллоҳнинг шундай бандаларига манфаат етказиб туриш учун Аллоҳ Ўз неъматлари билан хосланган. Улардан биронтаси бандаларга аталган мана шу манфаатларни етказишда бахиллик қилса, Аллоҳ таоло улардан бу неъматларни олиб, бошқасига беради” (Имом Табарий ривояти).
Муҳаммад ибн Омир ШИБРАВИЙ
Рашид ЗОҲИД таржимаси
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws