Ким улуғ мақом истаса…
Дунё ҳаёти синовдир. Кимдир эрта, кимдир кечроқ ота-онасидан айрилади. Айниқса, ёш болаларда бу қисматга кўникиш жуда оғир кечади. Шу вақтда ота-онанинг ўрнини ким боса олади?
Имом Зуҳрийдан ривоят қилинади:
«Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Отаси йўқнинг отаси амакисидир. Онаси йўқнинг онаси холасидир”, деганлари айтилди».
Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу Уҳуд жанги олдидан биродари Зайд ибн Ҳорисага: “Менга шаҳидлик насиб этса, қизим Умомани ўз қарамоғингга олгин”, деб васият қилди. Ҳамза ибн Абдулмутталиб жангда ҳалок бўлди. Саҳобалар Мадинага қайтгач, Умомани қарамоғига ким олиши тўғрисида тортишишди. Бу қизчага Али ибн Абу Толиб, Зайд ибн Ҳориса ва Жаъфар ибн Абу Толиб ўзларини ҳақли деб билишди.
- Али ибн Абу Толиб: “У амакимнинг қизи, уни мен уйимга олиб кетаман”, деб даъво қилди.
- Жаъфар ҳам: “У амакимнинг қизи, яна холаси Асмо бинти Умайс менинг хотиним”, деди.
- Зайд ибн Ҳориса эса: “У менинг биродарим, Мадинага келганимизда Набий алайҳиссалом биз иккимизни қиёматли биродар тутинтириб қўйган эдилар. Шунинг учун мен ҳақлиман”, деди.
Масала Пайғамбаримизнинг қулоқларига етиб борди. У зот Жаъфар ибн Абу Толибни Умомани олиб кетишга ҳақли дедилар. Чунки Жаъфарнинг хотини Асмо бинти Умайс Умоманинг холаси эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакиси (амакиваччаси) Жаъфар ибн Абу Толиб Муъта ғазотида шаҳид бўлди. Унинг гўдаклари етим қолди. Шунда Набий алайҳиссалом унинг оиласидан хабар олиб, болаларини ўз қарамоғига олдилар ва: “Муҳаммад амакимиз Абу Толибга, Абдуллоҳ эса менга ўхшайди”, деб бағирларига босдилар.
Демак, етим ўғил болага амакиси, етим қизга холаси ғамхўрлик қилади. Бунинг ҳикмати шуки, амаки ўғил болани касб-кор эгаси қилиб, келажакда ўз нонини ўзи топадиган этиб тарбияласа, қиз бола холасининг қўлида уй-рўзғор тутиш, таом тайёрлаш ва супур-сидир ишларини ўрганади.
Иккинчи жаҳон уруши йиллари қанча-қанча болалар отасиз қолиб, бобо-бувисию яқинлари қарамоғида вояга етган. Етимпарварлик асрлар давомида халқимиз орасида сақланиб келаётган бўлса-да, афсуски, бугунги кунда бу эзгу қадрият унутилмоқда. Яқинлардан хабар олиш, меҳр-мурувват кўрсатиш каби савобли амаллар орамиздан кўтарилмоқда. Айниқса, баъзи етим болалар икки карра оғир синовларга дуч келяпти. Отаси оламдан ўтса, амакию аммалари ўз уйига сиғдирмай, онаси билан қўшиб кўчага ҳайдаётган бўлса, она ота уйига ҳам қайтолмай сарсон-саргардон бўлмоқда. Онаси оламдан ўтган бўлса, болалар ўгай она қўлида қолиб, ўз уйларига сиғмаётган ҳолатлар ҳам йўқ эмас.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Ким Аллоҳ азза ва жалла учун бир етимнинг бошини силаса, қўли нечта сочнинг устидан ўтса, шунча ҳасонот (яхшилик) ёзилади. Ким ўз ҳузуридаги етим қизга ёки болага яхшилик қилса, мен ўша одам билан жаннатда мана бундай бўламан”, деб икки бармоқларини жипслаштирдилар.
Қариндошларимиз ёки қўни-қошниларимиз, мискинлар, етимлар, ёрдамга муҳтож кишилар ҳолидан хабар олиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган улуғ мақомларга эришайлик.
Азимжон КАРИМОВ,
Тошкент тумани “Эшонхўжа” жоме масжиди имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 5-сонидан