Аллоҳ покликни яхши кўради
«…Эркак ўз аҳли оиласига чўпондир ва улар ҳақида сўралади. Хотин уйи ҳамда фарзандларига чўпондир ва улар ҳақида сўралади. Қул ўз хўжасининг молига чўпон ва улардан сўралади. Огоҳ бўлинглар, ҳар бирингиз чўпонсиз ва ўз сурувингиздан (қўл остингиздагилардан) сўраласиз!» (Муттафақун алайҳ).
Ҳадисдаги рамзий ибора инсонлар зиммасидаги масъулиятнинг муҳимлигини ифода этади. Чунки чўпон ўз суруви учун яйловнинг ўтлоқ ва серсув жойларини танлайди. Уларни ўз вақтида суғоради. Совуқ кунларда шамолдан пана жойларга ётқизади. Иссиқда эса салқин тепаликларни танлайди. Айниқса, йиртқичлар ҳужум қилиш эҳтимоли бўлган сой ва ўрмонли даштларда эҳтиётини қилиб, бўрибосар итлари билан юради ва ҳоказо.
Ҳадисда эса ҳар бир инсон ўз қўл остидагиларга нисбатан ана шу чўпон каби масъул экани таъкидланиб, жавобгар тоифалар алоҳида-алоҳида тилга олинган:
- 1) Эркак (оила бошлиғи): Эркак аҳли, фарзандлари учун масъул. Уларга вожиб илмларни ўргатиши ва шу орқали оятда таъкидланганидек, «Ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлган дўзах олови» (Таҳрим, 6) дан ҳимоя этиши лозим. Ўзи еган нарсалардан уларга ҳам едириши, моддий имконияти даражасида кийинтириши, яшаши учун қулай шарт-шароитлар билан таъминлаши, энг муҳими, иймонли, гўзал хулқли қилиб вояга етказиши зарур.
- 2) Хотин (уй бекаси): Аёл эрига итоатда бўлиш баробарида унинг мулкини совуриб исроф қилмасдан ўрнида сарфлаши керак. Овқат тайёрлаш, кийимларни ювиш, рўзғор орасталигига эътибор қаратиши лозим.
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинган: «Унда покланишни яхши кўрадиган эрлар бор. Аллоҳ покланувчиларни яхши кўради» (Тавба сураси, 108-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар:
«Албатта, Аллоҳ хушҳолдир, хушҳолликни суяди, покдир, покликни яхши кўради, карамлидир, карамли бўлишни яхши кўради, сахийдир, сахийликни яхши кўради. Ҳовлиларингизни озода тутинглар!» (Имом Термизий ривояти).
Айниқса, фарзандларини билимли, ибодатли, ота-онага итоатли қилиб тарбиялаши муҳимдир.
- 3) Қул (хизматчи): Бугун ҳамма ҳур ва озод инсонлардир. Аммо бирор вазифа ва ёки ишга масъул қилинган кишилар уни чиройли тарзда адо этиши талаб қилинади. Бошқа ривоятларга кўра, хизматчи ёки ишчи ўзи ишлаётган корхонанинг мол-мулкига чўпон каби масъулдир. Унинг тасарруфидаги нарсаларни Аллоҳнинг омонати деб билиши ва сидқидилдан бажариши керак.
Демак, ҳар бир банда, ҳадисда зикри келмаган бўлса-да, зиммасидаги бошқа масъулиятлар учун ҳам Аллоҳ таоло ҳузурида жавобгардир. Бўш вақтидан, молу мулки, фарзанди, илми каби неъматлардан ҳам сўралади. Ҳатто инсон танасидаги аъзоларининг соғлом фаолият юритишига ҳам масъулдир. У куч-қувватини, ёшлигини, ҳаракатларини қаерга, нимага сарфлагани ҳақида ҳисоб-китоб қилинади, албатта.
Манбалар асосида Абдулвоҳид НУРУЛЛОҲ ўғли тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 9-сонидан