Асоссиз даъволарга асосли раддиялар
Бугун сохта салафийлик адашган фирқасидаги баъзи шахслар аҳли сунна вал жамоа мусулмонларини куфр ва ширкда айблаб, салафи солиҳларга эргашиш ниқоби остида турли ғояларни тарғиб этмоқда. Шунингдек, Исломнинг дастлабки уч асрида чиқарилган ҳукмлардан бошқасини бидъат дейишиб, ўзлари бунинг тескарисини қилмоқда. Бундайлар Ибн Таймийя, Ибн Қайюм каби раҳнамоларидан бошқасининг сўзини тан олмайди. Тўрт нафар мужтаҳид имом: Имоми Аъзам, Имом Шофеъий, Имом Молик ва Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳимга эргашганларни эса қоралашади.
Аслида эса улар эргашаётган “мужтаҳид”лар солиҳ салафлар қаторига кирмайди, чунки Ибн Таймийя ва Ибн Қайюм Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан деярли олти юз йил кейин яшаган. “Салафийлар”нинг “Фақатгина Қуръон ва суннатга эргашиш керак” деган чақириғи назарий жиҳатдан яхши, аммо кундалик ҳаётга тааллуқли минглаб саволларга дуч келинганда ҳақиқий мужтаҳид олимга эргашиш қанчалик зарурлигини англаймиз.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бундай йўлдан адашган кимсалар ҳақиқасида: “Уларнинг уммат орасида ихтилоф чиқаришдан бошқа ташвишлари ҳам, ишлари ҳам йўқ. Мужтаҳидлик даражасининг яқинига ҳам боришолмайди”, деб таъкидлаган эди. Энг ёмони, бундай кимсалар ўзлари билиб-билмай динимиз душманларига хизмат қилишади. Улар ғарбдаги бузғунчи сиёсий кучларнинг топшириғини бажариб, мукофот олишади… Ўз манфаатлари йўлида ғайриисломий каззоб партиялар билан тил бириктириб, мусулмон уммати орасида фитналар тарқатишади. Уларнинг баъзи даъволари ҳам уларнинг ким эканлигини ошкор қилади.
Уларнинг даъвоси:
“Аллоҳ бизни бировнинг фикрига эргашиб ибодат қилишга буюрмаган. Шунинг учун мазҳаб имомига эргашишимиз шарт эмас”.
Раддия: Бу даъволар Қуръон оятларига зиддир. Чунки Аллоҳ таоло билмаган нарсаларимизни олимлардан сўраб, унга амал қилишга буюриб, бундай деган: “Билмасангиз, зикр аҳлидан (олимлардан) сўранг” (Наҳл сураси, 43-оят). Ушбу оятда Аллоҳ таоло бизларни олимлардан сўрашга ва улар айтган кўрсатмага амал қилишга буюрмоқда.
Яна бошқа бир оятда Қуръон ва ҳадисдан ҳукм чиқара оладиган мужтаҳидларга эргашишга тарғиб қилиб бундай дейилади: “Қачонки уларга эминлик ёки ҳақ тўғрисида бир иш – хабар етса, укани ҳар қаёққа тарқатурлар. Агар уники Расулга ва ўзларидан бўлган ишбошиларга ҳавола қилганларида эди, улардан ишнинг негизини биладиганлари уни англаб етар эдилар” (Нисо сураси, 83-оят). “Ишнинг neгизини биладиганлар” деб таржима қилинган сўз араб тилида “истинбот” деб номланади. Яъни истинбот қила оладиган мужтаҳидларга ҳавола қилишса, хато қилмаган бўлишади, дейилмоқда. Демак, ижтиҳод қилиш даражасига етмаган ҳар бир одам, гарчи у араб тилини яхши билиб, оят ва ҳадисларнинг маъносини тушунса-да, мужтаҳид имомга эргашиши шарт.
Уларнинг даъвоси:
“Битта мазҳабга эргашиб ибодат қилишдан кўра, ҳар бир мазҳабдаги тўғри фикрларни олиб, ибодат қиламиз”.
Раддия: Шаръий ижтиҳод шартларини ўзлаштириб мужтаҳидлик мақомига етмаган киши ҳар бир мазҳабдан нафси ҳавоси истагига мос келган фатвони олиб, амал қилиши шариатда “талфиқ” дейилади. Соддароқ қилиб айтганда, талфиқ айни мазҳабсизликнинг ўзгинасидир. Тўрт мазҳаб фуқаҳолари ҳам талфиқдан қайтарганлар. Бундай йўлни тутган инсон ҳаромни ҳалолга, ҳалолни ҳаромга, макруҳни мубоҳга, мубоҳни макруҳга чиқарадиган дини суст, мунофиққа ўхшаш бетайин одамга айланади.
Уларнинг яна бир даъвоси:
“Мазҳабга эмас, салафларга эргашиш керак”.
Раддия: Бундай адашган кимсалар: “Албоний, Усаймин, Ибн Боз ва бошқа олимлар ўз китоблари ва маърузаларида салафлар йўлини баён қилиб, фиқҳий масалаларни айтишган. Биз ўшанга амал қилсак бўлди”, дейди. Демак, улар солиҳи салафларга эмас, Албоний кабиларга эргашаётган бўлади.
Аслида, Имоми Аъзамга эргашиш салафлар йўлини маҳкам тутишдир. Чунки Имоми Аъзам тобеин, яъни салаф бўлганлар. Шунингдек, қолган уч мазҳаб имоми ҳам Албоний, Усайминдан кўра салафлар даврига яқин яшаган ва уларнинг йўлини булардан кўра яхши билган.
Салафийлик даъвоси билан фаолият олиб бораётган бу тоифа мазҳабсизликка чақириш билан аслида ўзлари бир мазҳабни пайдо қилган ва умматнинг тафриқа ва бўлинишига сабаб бўлган. Улар айтган даъвонинг, яъни мазҳаб имомларининг бирортасига эргашмасдан ибодат қилиш керак, деган сўзнинг имкони йўқ. Чунки қайси бир фиқҳий масалани ечишга уринмасин, албатта тўрт имомдан бирининг сўзини олишга мажбур. Шундай экан, бу асоси йўқ даъволарни четга суриб, бир минг икки юз йилдан бери давом этиб келаётган тўртта мазҳабнинг бирига эргашиб, ибодатларни адо қилиш энг тўғри ва салафлар йўлини маҳкам тутиш ҳисобланади.
Хулоса шуки, дин аҳкомларидан ва ундаги далил-ҳужжатлардан бехабар одамлар аҳли суннанинг мужтаҳид имомлардан бирининг мазҳабига эргашиши лозим, чунки у имом Аллоҳнинг Китоби ва Расули Муҳаммад алайҳиссаломнинг суннатини яхшироқ билади.
Касби туманидаги “Фазли” жоме масжиди имом-хатиби Азамат УСМОНОВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 6-сонидан