Меҳмондўст ва сахий саҳоба
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада Исломга даъватни бошлаган кезлари у зотга қаршилик қилган мушриклар талайгина эди. Шулардан бири Абу Жаҳлнинг иниси Ҳорис ибн Ҳишом ибн Муғийра эди. Абу Абдураҳмон кунясини олган Ҳорис Абу Жаҳл билан ака-ука, Холид ибн Валид билан амакивачча бўлган.
Ҳориснинг онаси Умму Жулос бўлиб, Ҳишом ибн Муғийранинг унга уйланиши қизиқ кечган. Дастлаб онаси бани доримлик бир киши билан турмуш қуради. Аммо кўп ўтмай эри вафот этади. Унинг чиройи ва оқилалигини эшитган Ҳишом ибн Муғийра тўғрининг олдига бориб дангалига:
– Сенга уйланмоқчиман. Агар рози бўлсанг, Маккага олиб кетаман, – дейди.
Аёл эса:
– Сен кимсан ўзи? – дея уни ёқтирмайгина қарши олади.
У:
– Мен Ҳишом ибн Муғийра бўламан, – дея ўзини танитади.
Аёл:
– Сени танимасам ҳам майли, турмушга чиқаман. Сен Ҳишом бўлсанг, мен сенинг аёлингман, – дейди.
Ҳишомнинг унинг ақл-фаросатига тан бериб, уни янада ёқтириб қолади. Шу билан аёлни никоҳлаб олади. Ҳишом бу аёлдан икки ўғил кўриб, бирига Умар (Пайғамбаримиз уни Абу Жаҳл деб кунялаган), бирига эса Ҳорис деб исм қўяди.
Ҳорис ибн Ҳишом Макканинг шарафли ва олийжаноб кишиси бўлиб, ўз ўрни ва сўзига эга эди. Ҳорис ибн Ҳишом мусулмонларга қарши Бадр жангида акаси Абу Жаҳлнинг ёнида бўлди. Урушда акаси ҳалок бўлгач, у жуда қайғуга тушди ва жонини қутқариш учун қочиб қолди. Сўнгра у Уҳуд жангида ҳам мушриклар сафида мусулмонларга қарши чиқди. Унинг хотини Фотима бинти Валид ибн Муғийра ҳам эрига қўшилиб жангга чиққан эди. Ҳорис ибн Ҳишом узоқ вақт Исломга қарши тиш қайрайди. Бироқ унинг барча уриниш ва ҳаракатлари бекор кетди. Ислом нури бутун Арабистон бўйлаб кенг тарқалди. Ҳорис ҳам Фатҳ куни енгилганини тан олди. Бир ривоятда Фатҳ куни уни Умму Ҳонеъ ўз ҳимоясига олгани учун ўлимдан қутулиб қолган, дейилади. Ҳазрати Али уни ўлдирмоқчи бўлганида Умму Ҳонеъ Расули акрамга учраб жонини сақлаб қолади.
Абдуллоҳ ибн Абу Робиъа билан Ҳорис Фатҳ куни нима қилишни билмай турганини бундай ҳикоя қилади: «Мен Расули акрамга қайси юз билан қарайман деб хижолатда эдим. У зотнинг меҳрибонлиги ва раҳмати эсимга тушиб, масжидда эканини билиб олдига бордим. У зот мени очиқ чеҳра билан қарши олдилар. Мен салом бериб шаҳодат калимасини айтдим. У зот: “Сени ҳидоятга йўллаган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Сенга ўхшаш инсонлар Исломдан бехабар қолса-я”, дедилар».
Ҳорис ибн Ҳишом чин дилдан иймон келтириб, энг яхши саҳобалардан бирига айланди. У Исломни қабул этгандан сўнг ҳам қадри улуғ ва эътиборли инсон бўлиб қолди.
Ҳорис Умар ибн Хаттоб замонида жиҳодга чиқди. У аҳли ва молини олиб Шомга кетаётганида Макка аҳли йиғлаб кузатиб қолди. Чунки жоҳилият даврида ҳам, иймонга келганидан сўнг ҳам у меҳмондўст, сахий, бева-бечораларга кўп яхшилик қиладиган инсон эди. Бу сифатларини Набий алайҳиссалом ҳам мақтаганлар. У яна Набий алайҳиссалом билан Ҳунайн ғазотида ҳам қатнашди. Бу ғазотдан кейин Расули акрам унга юзта туя бердилар.
Муаррих Ибн Ҳишомнинг айтишича, Бадр жангида мушриклар орқага чекинаётган бир пайтда мушриклардан бирига шайтон кўринади. Уни кўрган киши ё Умайр ибн Ваҳб, ё Ҳорис ибн Ҳишом бўлган деган тахминлар бор. Кўпчилик муаррихлар Ҳорис ибн Ҳишом бўлганини таъкидлашади. У буни Исломга кирганидан кейин сўзлаб берган. Иблис Ҳорис ибн Ҳишомга Суроқа ибн Молик ибн Жуъшум суратида рӯбару бўлиб, уни маҳкам тутган ва мусулмонларга қарши жанг қилишга ундаган. У сўзларини айтиб бўлгач, Ҳориснинг кўксига уриб, уни йиқитган.
Ҳорис ибн Ҳишом ҳижрий 18 йили Шомдаги жангларда ҳалок бўлади. Бир ривоятда, Ярмук куни ҳижрий 15 йили ражаб ойида вафот этган, дейилган. Ҳорис ибн Ҳишомдан ҳадис ҳам ривоят қилинган. Зуҳрий ривоятида у отасидан бундай деганини ривоят қилади: «“Ё Расулуллоҳ, менга у туфайли ёмонликдан сақланадиган ишнинг хабарини беринг”, дедим. У зот: “Ўзингдаги мана буни тий”, дея тилига ишора қилдилар. Мен буни жуда осон деб ўйладим. Чунки жуда камгап ва тортинчоқ одам эдим. Кейин ўйлаб кўрсам, ундан кўра оғирроқ иш йўқ экан».
Абдикарим АБДУЛЛАЕВ,
Қумқўрғон тумани “Хўжа Мирсаид” жоме масжиди имом-хатиби
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 7-сонидан