Тўрт хислат
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар сенда тўрт нарса бўлса, дунёнинг қолганини йўқотсанг ҳам, зарар қилмайди: омонатни муҳофаза қилиш; ростгўй бўлиш; ҳусни хулқли бўлиш; таомда иффатли бўлиш”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Ушбу муборак ҳадисдан оладиган манфаатларимиз:
- Биринчиси – омонатдорлик. Кўпчилигимиз омонат деганда кимдандир олинган нарса ёки буюмни тушунамиз. Шариатимизда омонат жуда кенг маънога эга. Аввало, бизга Аллоҳ таоло томонидан берилган неъматларнинг барчаси омонатдир. Жумладан, жонимиз, танимиз, умримиз ва соғлиғимиз ҳам. Уларни қайси йўлда сарфлаганимиз учун Аллоҳ таолонинг ҳузурида сўраламиз. Шундай экан, эртанги сўроқ кунига бугундан тайёргарлик кўришимиз зарур.
- Иккинчиси – ростгўйлик. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ёлғончилар менинг умматим эмас”, деганлар. Барча инсонлар қатори мўмин киши билиб-билмай хато ёки гуноҳ қилиши мумкин. Аммо киши ёлғонни билиб туриб сўзлайди. Шу боис Расули акрам: “Ёлғончи биздан эмас”, дея таъкидламоқдалар.
- Учинчиси – ҳусни хулқли бўлиш. Динимизда мўмин кишининг одоби ва хушхулқли бўлиши қатъий ва кўп такрорланади. Ҳатто унинг бошқа бировларга очиқ чеҳра билан қараши садақа қилиш даражасига тенглаштирилган. Биргина очиқ юз билан салом бериш орқали гуноҳлар кечирилиши таъкидланган. Шундай экан, ҳар бир мўмин доим олий фазилатлар билан хулқланишни ўзига вазифа қилмоғи керак.
- Тўртинчиси – таомда иффатли бўлиш. Мўмин киши таом тановул қилишда шариатимиз кўрсатмаларига мувофиқ овқатланиши, яъни меъёрни билиши лозим. Шунингдек, таомидан бошқаларга ҳам улашишни ўзига касб қилиши даркор.
Биродар МАТЁҚУБОВ,
Тўрткўл тумани “Абдужамил эшон” жоме масжиди имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 7-сонидан