Салавот айтиш нурдир
“Аллоҳ таоло бир бандасига яхшиликни ихтиёр этса, унинг тилига саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтишни осон қилиб қўяди”. “Бустонул воизийн” асаридан.
* * *
Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга доимий салавот айтиш натижасида инсон қалбида лаззат ва сокинликни ҳис этади. Зеро, салавот нур ва барака манбаидир. Қачон салавот айтсангиз, қалбингизга нур инади ва бу нур танангиздаги ҳар бир ҳужайрага кириб боради. Натижада бутун танангиз нуронийга айланади.
Салавот туфайли инган нурни етмиш минг фаришта қўриқлаб туради. Фаришталар Аллоҳнинг аскарлари бўлиб, улар салавот айтувчини ҳам инсу жинларнинг ёмонликларидан муҳофаза қиладилар. Шуни унутмайликки, кўп салавот айтиш Пайғамбаримиз алайҳиссаломни қалбан улуғлаш демак.
Шундай экан, қалбингизда ҳеч бир дунё иши у зотни улуғлашдан ғолиб келмасин.
Кўп салавот айтиш ибодат ва зикрларга ҳеч қандай чарчоқ ва эринчоқликсиз адо этишини қодир қилади. Аллоҳ таоло ирода қилса, салавот айтиш инсондаги кўплаб касалликларга шифо бўлади.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 9-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws