Суннатларнинг фазилатлари
Фарз намозларидан аввал ёки кейин ўқиладиган суннатларнинг фазилатлари жуда улуғ. Пайғамбаримиз алайҳиссалом доимо уларни ўқиб юрганлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси бир мусулмон ҳар куни фарздан ташқари ўн икки ракат ихтиёрий (суннат) намоз ўқиса, албатта, Аллоҳ унга жаннатда уй қуриб беради”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Расули акрам алайҳиссалом ҳатто уловда ҳам нафл (суннат) намоз ўқиш билан банд бўлганлари ҳақида ривоятлар бор.
Афсуски, бугун кўпчилигимиз суннатларга эътиборсиз бўляпмиз. Доктор Абдулҳай Орифий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Суннатларга амал қилиш ўлжа молидир”. Яъни бир амалда қанча суннатни ният қилсангиз, шунча суннат савоби ҳосил бўлади. Масалан, Набий алайҳиссалом сувни уч бўлиб ичар эдилар. Мен ҳам шундай қиламан, деб ният қилинг. Шунда суннатнинг савоби ҳосил бўлади.
Доктор Абдураззоқ Киляний айтади: “Овқат ва сувни ўтирган ҳолда ейиш ва ичиш соғлик учун фойдалидир. Бунда инсоннинг ошқозони тинч ва бўшашган ҳолатда бўлади. Бу эса, ўз навбатида, сувни ошқозонга ҳеч қандай тўсиқларсиз тўғри келиб тушишини таъминлайди. Инсон тик туриб сув ичса, сув тўғридан-тўғри ўн икки бармоқли ичакка ўтиб кетади. Бу инсон саломатлиги учун зарарлидир”.
Ашраф Али Таҳонавий қоддасаллоҳу сирраҳу бундай деди: «Бир неча кун уйда қовоқ пиширилганини кўрдим. Шунда аҳлиямдан: “Нима сабабдан ҳар куни қовоқ пиширасиз?” деб сўрадим. У: “Бир китобда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қовоқни ёқтирганларини ўқиб қолдим. Уйимиз нубувват уйига ўхшашини истадим”, деб жавоб қилди. Бу гапдан бутун танам жимирлаб кетди. Бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига шунчалик эътибор қиляпти. Биз илм даъвогарлари эса ҳадисларни ўқиймиз, Расулуллоҳнинг кўрсатмаларини таълим оламиз, бироқ бунчалик эътибор бермаймиз…»
Ҳазрат Таҳонавий сўзларининг давомида айтади: “Шундан кейин ҳаётимни таҳлил қилдим. Барча ишларни ташлаб, уч кунни қанча суннатга амал қиламан ва қанчасига амал қилмайман – тафтиш қилиб чиқдим… Алҳамдулиллаҳ, уч кунлик меҳнатдан кейин амал йўли очилиб кетди ва шундан кейин мен қолган суннатларга ҳам амал қиламан, деб аҳд қилдим”.
Қуръони каримда: «Сен: “Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизларни гуноҳларингизни мағфират қилади”, деб айт», дея марҳамат қилинади (Оли Имрон сураси, 31-оят).
Суннатларга амал қилиш, аввало, Аллоҳ таолонинг муҳаббатига ва мағфиратига сабаб бўлиб, жамиятда одоб-ахлоқли инсон каби яшашга чорлайди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамларнинг Аллоҳга энг яқини уларга энг аввал салом берганидир”, дедилар. Расули акрам алайҳиссаломнинг ўзлари ҳаммадан олдин салом берар эдилар. Саҳобалар аталаб пойлаб туриб ҳам у зотдан аввал салом беришга улгурмай қолардилар. Салом бериш, алик олиш нафақат ҳадисларда, ҳатто Қуръони каримда ҳам таъкидланган: “Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсанинг ҳисобини олувчи Зотдир” (Нисо сураси, 86-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Мусулмоннинг қайси фазилати яхши?” деб сўрадилар. У зот: “Қорни очни тўйғазиши ва таниган-танимаганга салом бериши”, деб жавоб бердилар (Имом Абу Довуд ривояти). Афсуски, кейинги пайтларда ёшу қари орасида салом бериш тобора камайиб бормоқда. Айримлар ҳатто таниган яқинига ҳам базўр салом беради. Мўмин банда қаерда бўлмасин, қаерга кирмасин, ким билан учрашмасин, биринчи калимаси “Ассалому алайкум” бўлиши лозим. Бу суннат одамнинг одобини намоён қилиши баробарида ҳурматини ҳам зиёда қилади.
Булар жуда осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи амаллардир. Лекин бепарволигимиз оқибатида улкан савоблардан бебаҳра қолиб кетяпмиз.
Жаъфархон СЎФИЕВ,
Тўрақўрғон тумани “Исҳоқхон Тўра” жоме масжиди имом-хатиби
http://hidoyatuz.taplink.ws