Польшада масжидлар ва исломий меросга бағишланган кўргазма очилди
Польша. Белосток шаҳридаги масжид ёнида “Польшадаги масжидлар ва диний объектлар” номли кўргазма ташкил этилди. Ушбу кўргазмада Польшадаги мусулмонларнинг тарихи, масжидлар ва исломий маданий мерос объектлари ҳақида маълумотлар тақдим этилмоқда.
“Muslims Around the World” нашри хабар беришича, саккизта тематик стенддан иборат кўргазма Польшада исломнинг тарихий ва замонавий мавжудлигини акс эттиради. Унда турли даврларга оид масжидлар ва диний марказларнинг фотосуратлари ҳамда улар ҳақидаги маълумотлар ўрин олган.
Кўргазмада хусусан, польша татарлари тарихи билан боғлиқ Бохуники ва Крушинянидаги қадимий ёғоч масжидлар, шунингдек, Белосток, Гданьск ва Варшавадаги замонавий масжидлар ҳамда исломий марказлар намойиш этилади.
Кўргазма ташриф буюрувчиларга Польшадаги исломий мерос билан виртуал танишиш имконини беради. Унда Белосток ва Гданьск масжидлари, Бохуники ва Крушинянидаги тарихий масжидлар, Польша татарларининг Ислом маданияти маркази, Варшавадаги татар-мусулмон қабристони ва пойтахтдаги исломий маданият маркази каби объектлар ҳақида маълумот берилган.
Ташкилотчилар таъкидлашича, масжидлар мусулмонлар учун нафақат ибодат маскани, балки таълим, мулоқот ва авлодлар ўртасида диний – маданий анъаналарни етказиш маркази ҳамдир. Бундай кўргазмалар ёш авлодни ўз тарихи ва мероси билан яқиндан таништиришда муҳим аҳамият касб этади.
Белостокдаги кўргазманинг яна бир аҳамиятли жиҳати – тарихий ва замонавий исломий мероснинг бир экспозицияда бирлаштирилганидир. Бу Польшадаги мусулмонлар ҳаёти асрлар давомида шаклланганини ва бугун ҳам давом этаётганини кўрсатади.
Кўргазма Польша Республикасидаги Мусулмонлар диний иттифоқи ташкил этилганининг 100 йиллиги муносабати билан ташкил этилади. Кўргазмада Польшада исломнинг кўп асрлик тарихи, унинг моддий мероси ва бугунги мусулмон жамоаларининг ҳаёти ҳақида кенг жамоатчиликка маълумот беришга хизмат қилади.
“Шамсуддинхон Бобохонов” НМИУ Матбуот хизмати.