“Ал-Азҳар” университети ректори Қоҳирада ўғил болалар ва аёл – қизлар учун Қуръони каримколлежларини очиб берди
Қоҳира: “Ал-Азҳар” университети ректори доктор Маҳмуд Сиддиқ ўтган якшанба куни Қоҳирада ўғил болалар ва аёл – қизлар учун Қуръони карим қироатлари ва унинг илмларини ўқитишга оид коллежларни расман очди ҳамда янги қабул қилинган талабаларни кутиб олди. Бу тадбир университетнинг кенгайиши ва шаръий ҳамда Қуръоний илмларга хизмат қиладиган янги коллежлар ташкил этиш режаси доирасида амалга оширилди.
Мазкур коллежларнинг очилиш маросимида Исломий тадқиқотлар мажмуаси бош котиби доктор Муҳаммад ал-Жундий, университетнинг қизлар филиали бўйича проректори доктор Мустафо Абдулғаний, университет бош котиби Муҳаммад Абдулхолиқ, Тонтодаги Қуръони карим қироатлари ва илмлари коллежи декани доктор Аҳмад Абдул-Мурдий ҳамда мазкур коллежнинг собиқ декани доктор Сомий Ҳилол иштирок этдилар.
Ўғил болалар учун Қуръон коллежи – Тонтодаги коллеж фаолиятининг давоми
Ўғил болалар учун Қуръони карим коллежининг очилиш маросими қироатлар фани профессори доктор Иброҳим ал-Ваззан бошчилигида ўтказилди. Маросим машҳур радио қориси ва Миср қорилари уюшмаси шайхи, доктор Аҳмад Наийнаънинг Қуръон тиловати билан бошланди. Коллеж декани доктор Маҳмуд Иброҳим меҳмонларни қутлаб, Қоҳирадаги Қуръони карим коллежи Тонтодаги Қуръони карим коллежининг илмий ва маърифий фаолияти давоми эканини таъкидлади. У коллеж Қуръони каримнинг рисоласи ва таълимотларини ёйиш маркази бўлишини айтиб, янги талабаларни табриклади.
Тонтодаги Қуръони карим коллежи декани доктор Аҳмад Абдул-Мурдий Қуръон аҳлининг мартабаси ва фазилати ҳақида сўз юритди. У учта Қуръон коллежини «Нур шуълалари» деб атаб, бу нурнинг манбаи Тонтодаги Қуръон коллежидан бошланганини, эндиликда эса Қоҳирадаги икки янги коллеж очилиши билан нур янада ёйилаётганини таъкидлади. Шунингдек, икки коллеж раҳбариятини табриклаб, уларга Аллоҳдан муваффақият тилади.
Қоҳирада аёл – қизлар учун Қуръони карим қиратлари коллежи очилди
Шунингдек, университет ректори аёл – қизлар учун Қуръони карим коллежининг очилиш маросимида ҳам иштирок этди. Маросим Қуръони карим тиловати билан бошланди. Шундан сўнг коллеж декани доктор Сусан ал-Ҳудҳуд сўзга чиқиб, буюк имом – Ал-Азҳар шайхи, доктор Аҳмад ат-Таййиб раҳбарлигидаги “Ал-Азҳар”нинг саъй-ҳаракатлари, университет ректори доктор Маҳмуд Сиддиқ, қизлар филиали проректори доктор Мустафо Абдулғаний ва ушбу Қуръоний илмий даргоҳни ташкил этишда ҳисса қўшган барча кишиларга миннатдорлик билдирди.
Илёсхон АҲМАД таржимаси.