Саёҳат қилган соғлом бўлади
Юрт кезиш, сафар қилиш – жисмоний ва маънавий саломатлик учун кони фойда. Руҳиятшунослар ҳам тушкунлик, уйқу бузилишини даволашда янги манзаралар, табиат гўзалликларидан баҳраманд бўлишни тавсия қиладилар. Зеро, саёҳат танамиздаги бахт гормонлари – эндорфин ва серотонин ажралишига ёрдам беради. Дарҳақиқат, юртимизнинг ранг-баранг тоғлари, мовий кўллари, серҳосил водийлари, мафтункор саҳролари ва ям-яшил боғлари қалбингизни ҳаяжон ва завққа тўлдиради.
Айниқса, авлиёлар, уламолар, пайғамбарлар ва буюк зотлар ётган қадамжолар ҳамда кўҳна шаҳарлар оилавий саёҳатлар учун бебаҳо маскан. Фарзандларимиз тарихимизни, буюк сиймоларнинг ҳаётини ўрганади. Бундай сафарлар нафақат дам олиш, балки боланинг қалби, дунёқараши ва маънавиятини бойитувчи жонли кўргазма вазифасини бажаради. Китобда ўқиган аждодларини гўё ўз кўзлари билан кўргандек бўлишади. Масжид, мақбара ва зиёратгоҳлардаги сокин муҳит, мазмунли суҳбатлар бола қалбини юмшатади. У катталарнинг дуо қилаётганини, ўтганларга ҳурмат кўрсатаётганини кўриб, одоб ва эҳтиромни ўрганади.
Самарқанддаги Имом Бухорий, Шоҳизинда мажмуаси ва Регистон майдони инсон қалбига ҳайбат ила сокинлик бағишлайди. Бухородаги етти пир, Пойи Калон мажмуалари, Баҳоуддин Нақшбанд ва Чор Бакр зиёратгоҳларида инсон ўтмиш нафасини ҳис қилади. Хивадаги Ичанқалъа, қадимий масжид ва мадрасалар инсонни мозий қаърига олиб киради.
Тошкентда эшикларини очган ҳашаматли Ислом цивилизацияси маркази – зиёрат қилган ҳар бир ёшу қарининг маънавий оламини бойитиб, ғурур-ифтихор туйдиради. Фарғона водийсининг табиати, зиёратгоҳлари ва меҳмондўст муҳити эса саёҳатга алоҳида файз бағишлайди.
Энг муҳими, бундай сафарлар оила аъзолари ўртасида умумий хотиралар қолдиради. Телефон ва ижтимоий тармоқлардан узоқлашиб, бир-бири билан самимий суҳбат қилиш имконини беради. Баъзан бир пиёла чой устидаги дилдан суҳбат йиллар давомида йиғилиб қолган музларни эритиши мумкин.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сафар қилинглар, саломат бўласизлар”, деб марҳамат қилганлар (Абу Нуайм ва Ибн Адий ривояти). Сафарнинг инсонга фойдаси борлигини таъкидлаганлар. Юрт кезиш инсонни тарбиялайди, сабрга ўргатади ва яқинлари қадрини тушунади. Айниқса, оила билан қилинган саёҳатлар меҳр ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайди.
Зеро, саёҳат фақат манзил алмаштириш эмас. У инсон қалбини янгилайдиган, муносабатларга яхшилик, янгилик нафасини олиб кирадиган неъматлардан.
Нафиса ПАРДАЕВА
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 13-сонидан